Шимолий Корея АҚШга истеҳзоли жавоб қайтарди

Шимолий Корея АҚШга истеҳзоли жавоб қайтарди

Шимолий Корея АҚШ томонидан жорий этилган санкцияларга нисбатан кескин жавоб қайтарди.

“АҚШ босим ва алдов, таҳдид ва шантаж йўли билан битимга эришиш усули Корея Халқ демократик республикасига нисбатан натижа беришига умид қилмай қўяқолсин. АҚШнинг санкциялари аввалгидек бизнинг фикрлаш тарзимизга ва АҚШга нисбатан ёндашувимизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди… Санкциялар ҳақидаги қайсарларча ёндашув КХДРга нисбатан муваффақиятсиз сиёсатни ифодаловчи навбатдаги мисол, холос”, – дейилади Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Ким Ин Чхор номидан тарқатган баёнотда.

Расмий Пхеньян санкциялар орқали таъсир кўрсатишга уринишни “аҳмоқона усул” деб атаркан, АҚШнинг “душманларча позициясига муносиб жавоб бериш”га ваъда қилган.

Жорий йил 4 ноябрь куни АҚШ кибержиноятчилик ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, фирибгарлик йўли билан маблағ ўзлаштиришга алоқадор экани айтилаётган шимолий кореялик саккиз нафар жисмоний ва иккита юридик шахсга нисбатан санкция жорий этган эди.

Аввал хабар берганимиздек, Шимолий Корея ҳакерлари 2017 йилдан буён 3 миллиард доллар миқдоридаги криптовалюталарни ўғирлашга муваффақ бўлган. Киберҳужумлар Шимолий Корея разведка идораси назоратидаги ҳакерлар гуруҳи томонидан амалга оширилиши айтилади.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ва АҚШ президенти Доналд Трамп 2018 ва 2019 йилларда уч марта учрашишган. Кейинроқ Пхеньян Вашингтон билан мулоқотни давом эттиришни рад этган.

Жорий йил октябрь ойида Трамп Осиёга сафари давомида Ким Чен Ин билан учрашиш ниятини билдирган, аммо бу истак амалга ошмаган эди.

Ким Чен Ин сентябрь ойида АҚШни дипломатик музокараларни бошлаш учун Шимолий Кореядан ядровий дастурдан воз кечишни талаб қилмасликка чорлаган эди.

Пхеньян–Вашингтон алоқалари совуқлашган бир пайтда КХДР Россияга Украинага қарши урушда минглаб ҳарбий билан кўмак бермоқда. Путин ҳам Курскдаги ғалабага ҳисса қўшган шимолий кореяликларни эътироф этгани маълум.

Жанубий Корея миллий разведка хизмати (NIS) маълумотларига кўра, Россия-Украина чегараси яқинида тахминан 10 минг шимолий кореялик ҳарбийлар жойлаштирилган. Сўнгги хабарларга кўра, Шимолий Корея Россияга яна 5 минг ҳарбий жўнатди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: