Telegram мессенжери орқали фирибгарликнинг янги тури аниқланмоқда

Telegram мессенжери орқали фирибгарликнинг янги тури аниқланмоқда

UZCERT хизмати томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, сўнгги вақтларда Telegram мессенжери орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари кескин ортгани кузатилмоқда.

Фирибгарлар Telegram гуруҳларида мавжуд бўлган очиқ кўринишдаги @username маълумотларидан фойдаланиб, гуруҳга қўшилмаган ҳолда гуруҳдаги фойдаланувчиларни кузатиб чиқишмоқда. Сўнгра улар гуруҳ аъзолари орасидан бирор фойдаланувчини танлаб, унинг Телеграм профилини тўлиқ нусхалашмоқда. Яъни:
— профиль расми,
— исм-фамилия,
— @username,
— био ва бошқа элементлар фирибгар томонидан айнан бир хил шаклда қайта яратилади.
Шундан сўнг фирибгарлар ўша фойдаланувчининг гуруҳдаги бошқа иштирокчиларига шахсий хабар орқали мурожаат қилиб, “шошилинч пул кераклиги”, “қарз бериб туришни илтимос қилиши” каби ёлғон важлар билан номаълум шахс номига тегишли банк карта рақамини юбориб, зудлик билан пул ўтказишни сўрашмоқда.

Танишининг Telegram профилидан келгандек кўринган хабарни текширмасдан пул ўтказиб юбораётган фуқаролар молиявий зарар кўраётгани ҳолатлари қайд этилмоқда.

Телеграм фойдаланувчилари учун хавфсизлик тавсиялари;
1. Телеграм ҳисобингизни ҳимоя қилиш учун икки босқичли пароль (2ФА)ни ёқинг ва кучли махфий паролдан фойдаланинг.
2. Профилингиздаги телефон рақами, расм, “last seen” каби маълумотларни бегона фойдаланувчилардан яшириб, фақат ишончли контактларга кўринадиган қилиб қўйинг.
3. Номаълум аккаунтлардан келаётган пул сўраш, соврин ютдингиз ёки шошилинч ёрдам каби шубҳали хабарларга ишонманг ва бундай линкларни очманг.
4. Сизга танишингиздан келгандек кўринган хабар бўлса ҳам, пул ўтказишдан олдин унга телефон орқали бевосита қўнғироқ қилиб, хабар ҳақиқатда ундан келганини тасдиқланг.
5. Telegramдан юклаб олинган ҳар қандай файл, айниқса .apk ёки .exe форматдаги файлларни очишдан олдин манбасини текширинг ва номаълум файлларни очманг.
6. Профилингиздан фойдаланилаётган барча актив сессияларни мунтазам текшириб боринг ва номаълум қурилмаларда очиқ турган сессияларни дарҳол ўчириб ташланг.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: