Telegram орқали экстремистик ғояларни тарқатган талаба қўлга олинди (видео)

Telegram орқали экстремистик ғояларни тарқатган талаба қўлга олинди (видео)

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида диний экстремистик оқимлар ҳамда халқаро террорчилик ташкилотлари тарғиботчиларининг ғоявий таъсирига тушган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олаётган Ғаллаорол тумани Жийдали маҳалласида яшовчи 2001-йилда туғилган фуқаро, туманнинг Оқтош маҳалласи истиқомат қилувчи 2002-йилда туғилган шахс билан биргаликда интернет тармоғидаги Telegram messengeri’да гуруҳ ташкил этган.

Мазкур гуруҳлар орқали улар диний экстремистик оқимлар ва халқаро террорчилик ташкилотлари ғоявий тарғиботчиларининг қонун билан тақиқланган диний мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатиб келган. Шу йўсинда туманнинг Жийдали, Ғўбдун, Лалмикор, Наврўз, Навбаҳор, Хўжакабут ва Яшнобод маҳаллаларида истиқомат қилувчи 18 нафарга яқин шахс жалб этилган виртуал жамоат шакллантирилиб, экстремистик ғоялар муҳокама қилинган ҳамда турли контентлар ўзаро алмашилган.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимларининг ҳамкорликдаги тадбирлари натижасида ушбу икки нафар шахс процессуал тартибда ушланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244¹-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, тўққиз нафар шахс маъмурий қамоққа олинди.

Етти нафар фуқаро билан эса профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга қонун талаблари ва бундай қилмишларнинг ҳуқуқий оқибатлари атрофлича тушунтирилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: