Бунчалик ваҳимали ва даҳшатли қарғишни эшитмагандим!..

Бунчалик ваҳимали ва даҳшатли қарғишни эшитмагандим!..

Анжуманлар зали — ўзига хос бир дунё. Бу ерда вақт тўхтаб қолгандек, ҳаво эса эскирган қофиялар ва димланган димоғлар ҳидига тўла. Тўрт-бешта мудраётган қария ва қарсак чалишга худди «қизил тугмача» билан дастурланган мактаб ўқувчилари орасида ўтиргандим. Кўзларим уйқудан юмилай дерди, аммо саҳнадаги «устоз»нинг оҳанрабо овози уйқуни ҳам ҳайдаб юборди.

«Тепа»га ўрлаган қофиялар

Мендан йигирма-ўттизта кўйлакни кўп йиртган, аммо ўша кўйлакларнинг барини давлат шаблонидаги матодан тиккан акахонимиз минбарни эгаллаб олгандилар. Ватан ҳақидаги муқаддимадан бошланган ашъорлар тобора баландлаб, самовий кенгликларга — «тепа»га қараб ўрлаб борарди. Маддоҳликнинг шундай юксак чўққиларини забт этдиларки, ҳатто қофиялар ҳам хижолатдан қизариб кетгандек туюлди.

Охири чидаб бўлмади. Заҳримни сочишга баҳона қидириб юрган ўпка ижодкор эмасманми, шартта турдим-у, «шаблон» ижоднинг авра-астарини ағдариб ташладим. Умрида бундай «муздай душ»ни кўрмаган акахонимиз ҳар бир сўзимдан худди мина босиб олгандек сакраб-сакраб тушдилар. Натижа эса кутилгандек: «Маънавият бузар» сифатида кўчага ҳайдалдим.

Сохта уят ва «хавфсизлик» чораси

Кўчада совуқ ҳаводан ҳушимга келдим. Жаҳлим чиққани ҳақлигимдан эмас, атрофдагиларнинг «ҳақсан» деб туриб, тилини тишлаб олганидан эди. Бироқ бироз вақт ўтгач, ичимда бир кимса — виждонми ё қўрқувми — бош кўтарди.

«Ҳар ҳолда ёши катта одам, нозиккина кўнгли бор. Борди-ю, уйига бориб аламдан бўйнига арқон солиб қўйса, касофатига қолиб қамалиб кетаман-ку!» — деган фикр мени даҳшатга солди.

Шу сабабли, «гуноҳимга» тавба қилиб, анжуман тугашини кутдим. Мактаб болаларининг ўқрайган нигоҳлари остида, худди қатлгоҳга кетаётган айбдордек турдим.

Энг даҳшатли «қарғиш»

Акахон чиқиб келдилар. Нигоҳларидан ўт чақнарди. Эндигина насиҳат ўқталиб, «Ҳой барака топгур…» демоқчи эдилар, гапларини оғизларида қолдирдим. «Астойдил» тазарру қилдим, ҳатто шеърларидан икки-уч байт — ўша мен нафратланган сатрлардан — ёд айтиб бердим.

Бундай кутилмаган «эврилиш»дан акахоннинг юзлари ёришиб кетди. Гўё мени иймонга келтирган авлиёдек ҳис қилдилар ўзларини. Кафтларини очиб, мени дуо қилдилар: — Илоҳо омин! Сен ҳам «оқахонларимиз»нинг назарига тушиб, худди мендек бўлиб юр!

Тўғриси, шу ёшгача кўп нарса кўрдим, аммо бунчалик ваҳимали ва даҳшатли қарғишни эшитмагандим. Бу дуо эмас, бу — маънавий ҳукм эди!


P.S. Акахоннинг қалби нақадар пок эканини билмадим-у, лекин дуолари «ўқ»дек тегди шекилли. Негадир қўлимга қалам олсам, фақат юртбошимиз ҳақида қасида ёзгим келиб кетяпти. Тавба, бу нақадар юқумли дард экан-а?

А. Омон

Дўстларингизга ҳам юборинг: