Бангладешда ҳўкиз Трампга ўхшагани учун қурбонлик қилинмади
Бангладешда ўзига хос соч турмаги сабаб “Дональд Трамп” деб ном олган албинос ҳўкиз Қурбон ҳайитида сўйилишдан сақлаб қолинди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.
Олтинранг сочли жониворнинг суратлари интернетда тарқалиб, оммалашиб кетди ва унинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берди. Вазни қарийб 680 килограмм бўлган ҳайвон ҳайитдан бир ҳафта олдин ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган эди. Уни қутқаришга эса Бангладеш ҳукуматининг сўнгги палладаги аралашуви сабаб бўлди.
Мамлакат ички ишлар вазири Салоҳиддин Аҳмад жониворнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва уни қурбонлик учун сотиб олган одамга пулини қайтариб бериш ҳақида буйруқ берди. Вазир ҳўкиз пойтахт Дакка шаҳридаги миллий ҳайвонот боғига кўчирилишини маълум қилди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, Ички ишлар вазирлиги ушбу қарорни “хавфсизлик хавотирлари” ва “жамоатчиликнинг ғайриоддий даражадаги қизиқиши” билан изоҳлаган. Олтинранг сочлари чиройли тараб қўйилган ҳўкизнинг фото ва видеолари интернетни машҳур бўлиб кетди. Шундан сўнг Дакка яқинидаги Нараянганж фермасида яшовчи бу жониворни кўриш учун узоқ-яқиндан одамлар оқиб кела бошлади.
Фермер Зиёвуддин Мридҳа ҳўкизни жуда ювош жонивор деб таърифлади. Унинг айтишича, албинос ҳўкиз алоҳида парваришга муҳтож, уни тез-тез овқатлантириб, мунтазам чўмилтириб туриш керак.
Расмийларнинг билдиришича, буйвол Бангладеш миллий ҳайвонот боғида одамлар томоша қилиши учун сақланади. У ерда ҳозирда 191 турдаги 2000 дан ортиқ жонивор яшайди.
Бу ўзига хос кўриниши сабабли машҳур бўлган биринчи жонивор эмас. Бундан ўн йил олдин Хитойдаги ҳайвонот боғида яшовчи “Кичкина қизил” лақабли тилла қирғовул ҳам худди шундай машҳурликка эришган эди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унинг сариқ патларини Трампнинг соч турмагига ўхшатганидан сўнг, ҳайвонот боғига одамлар оқиб келган эди. Эндиликда Бангладешдаги бу ювош ҳўкизни ҳам шундай машҳурлик кутмоқда.
