Хелсинкида янги рамз: автомобилларсиз улкан кўприк очилди
Финляндия пойтахти — Хелсинки шаҳрида замонавий инфратузилманинг яна бир муҳим объекти ишга туширилди. Гап мамлакатдаги энг узун ва энг баланд кўприк — Круунувуоренсилта кўприги ҳақида кетмоқда.
Ушбу муҳташам иншоот Коркеасаари ороли билан Круунувуоренранта турар-жой ҳудудини ўзаро боғлаб, шаҳар инфратузилмасида янги босқични бошлаб берди. Кўприкнинг умумий узунлиги 1191 метрни ташкил этиб, у нафақат функционал, балки архитектура жиҳатдан ҳам диққатга сазовор объект сифатида баҳоланмоқда.
Энг қизиғи — мазкур кўприк орқали хусусий автомобиллар ҳаракатланмайди. У фақат пиёдалар, велосипед ҳайдовчилари ва жамоат транспорти учун мўлжалланган. Бу қарор шаҳар экологиясини яхшилаш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш ва барқарор транспорт тизимини ривожлантиришга қаратилган.
Янги кўприкнинг фойдаланишга топширилиши шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратди. Энди Круунувуоренранта ҳудудидан шаҳар марказигача бўлган масофа 11 километрдан 5 километргача қисқарди. Бу эса вақт ва ресурсларни тежаш имконини бермоқда.
Шаҳар мэри Даниэл Сазонов таъкидлаганидек, мазкур кўприк Хелсинкининг янги рамзларидан бирига айланиши кутилмоқда:
«Круунувуоренсилта кўприги Хелсинкининг янги, ноёб ва ҳаяжонли диққатга сазовор жойидир. Яқин ва узоқ ҳудудлардан сайёҳларни жалб қиладиган масканга айланади. У шаҳар ҳақидаги тасаввурни ўзгартиради ва туманларни марказ билан янги форматда боғлайди», — деди у.
Кўприкнинг очилиш маросими ҳам катта қизиқиш уйғотди. Дам олиш кунларида ўтказилган тадбирларда 50 мингдан ортиқ томошабин иштирок этди. Бу эса янги объектга бўлган юқори қизиқишни яққол кўрсатиб турибди.
Қисқаси, Хелсинки яна бир бор замонавий шаҳарсозликда инновацион ечимлар орқали қандай ривожланиш мумкинлигини намойиш этди. Энди бу кўприк нафақат транспорт воситаси, балки шаҳарнинг янги туристик брендига айланиши кутилмоқда.
