AI қайси дунёқарашни такрорлайди? ChatGPT бўйича янги тадқиқот
Ҳарвард университети ўтказган тадқиқот қизиқ бир хусусиятни юзага чиқарди — ChatGPT каби йирик тил моделлари «ғарб одами» сингари фикрлайди.
Яъни сунъий интеллект сайёрамиздаги «ўртача одам» онгини эмас, балки Ғарб дунёсига хос WEIRD (Western, Educated, Industrialized, Rich, Democratic — ғарбча, таълим кўрган, саноатлашган, бой ва демократик) фикрлашни акс эттиради.
Олимлар Қадриятлар бўйича бутунжаҳон сўровномаси (World Values Survey) саволларига GPT берган жавобларни таҳлил қилиб, уларни одамларнинг натижалари билан солиштиришди. Мазкур тадқиқот 65 та мамлакатдан 94 мингдан ортиқ кишини қамраб олган эди. Маълум бўлишича, АҚШдан маданий жиҳатдан узоқлашилган сари GPT ва инсонлар жавоблари ўртасидаги ўхшашлик кескин камайиб боради (корреляция коэффициенти: r = –0,70, p < 0,001).
Оддийроқ тушунтирганда: ChatGPT хаёлан гуёки Бостон ва Амстердам оралиғида яшаётгандек.
Тил модели маданий қадриятлар ва қарашлар бўйича АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия ва Нидерландияга жуда яқин, бироқ когнитив (билишга оид) тестларда ChatGPT айнан голландлар билан энг юқори даражадаги ўхшашликни кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, олимлар бунда жиддий муаммони кўришмоқда: сунъий интеллектни ўқитиш (тренинг) учун мўлжалланган маълумотларнинг қарийб 90 фоизи инглиз тилида яратилади, Ер юзи аҳолисининг ярми эса (тахминан 3,6 миллиард киши) умуман интернетга уланиш имконига эга эмас, оқибатда тил моделлари WEIRD-дунёсининг қадриятлари ва мантиғини мерос қилиб олмоқда. Бундай номутаносиблик ижтимоий тизимларга интеграция қилинган сунъий интеллектнинг фақатгина тор доирадаги маданий меъёрлар ва дунёқарашларни акс эттиришига замин яратади.

