Халқаро танловлар ғолибларига 300 миллион сўмгача мукофот берилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт, маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашувида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор янги ташаббуслар эълон қилинди.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 cентябрдан бошлаб республика миқёсидаги танловлар ғолиблари 100 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади. Нуфузли халқаро танловларда ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар эса 300 миллион сўмгача мукофот олади.
Шунингдек, ёшларнинг халқаро танловларда иштирок этиши билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилади.
Янги тартибга кўра, иқтидорли ёшларни тайёрлаган устоз ва мураббийларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устама тўланади. Мазкур имтиёзлар давлат муассасалари билан бир қаторда хусусий ижодий жамоалар ва нодавлат маданият ташкилотларига ҳам татбиқ этилади.
Учрашувда кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Эндиликда ҳар йили 100 нафар иқтидорли ёш давлат ҳисобидан хориждаги нуфузли маданият ва санъат таълим муассасаларига ўқишга юборилади.
Бундан ташқари, ёш истеъдодларни кашф этиш, продюсерлик фаолиятини ривожлантириш ва ижодий лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида “Ижодга инвестиция” жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма фаолияти учун ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
