“Футбол ўйнайдиган ва яширин кучга эга жамоа” — Аршавин Ўзбекистоннинг ЖЧдаги имкониятини баҳолади

“Футбол ўйнайдиган ва яширин кучга эга жамоа” — Аршавин Ўзбекистоннинг ЖЧдаги имкониятини баҳолади

Лондоннинг “Арсенал” клуби собиқ футболчиси Андрей Аршавин 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг имкониятлари ҳақида фикр билдириб, жамоани турнирнинг энг сирли ва яширин кучга эга жамоаларидан бири сифатида баҳолади. Аршавин Ўзбекистон мундиалга чиққанининг ўзи катта ютуқ эканини таъкидлади.
“Албатта, улар учун Жаҳон чемпионатига йўлланманинг ўзи катта муваффақият. Бироқ ҳозир гуруҳдаги учинчи ўрин эгаси ҳам кейинги босқичга чиқиши мумкин. Ўзбекистон Португалия ва Колумбия билан бирга ‘ўлим гуруҳиъда ўйнаса-да, мен учун турнирнинг кутилмаган яширин кучи ҳисобланади. Шу билан бирга, Конго савия жиҳатидан улардан кескин фарқ қилади деб ўйламайман”, дейди Аршавин.

Собиқ футболчи Ўзбекистон терма жамоаси ўйинини бевосита стадиондан кузатганини ҳам айтиб ўтди.
“Яқинда Ўзбекистон терма жамоаси учрашувига бордим. Йигитлар менга жуда ёқди. Айниқса, Элдор Шомуродов яхши таассурот қолдирди. Бу футбол ўйнайдиган жамоа”.

Аршавин, шунингдек, Абдуқодир Кҳусановнинг “Манчестер Сити”даги муваффақиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
“Ҳусанов мен учун ҳақиқий кашфиёт бўлди. ‘Манчестер Ситиʼга ўтгунига қадар уни танимасдим. Очиғи, унинг бу даражада ўйнашига шубҳа билан қарагандим. Аммо у жуда юқори савияда ҳаракат қилмоқда”, деди у.

Ҳусановнинг футболчи сифатида ривожланишида бош мураббий Пеп Гвардиоланинг ҳиссаси ҳақида сўралганда эса Аршавин қуйидагича жавоб берди:
“Менимча, у ўзини ўзи шакллантирди. Аммо Ҳусанов Гвардиола талаб қиладиган даража ва мезонларга мос келгани, мураббий эса унга ишонгани муҳим омил бўлди. Бу ерда Пепнинг ҳам ҳиссаси бор, бироқ Ҳусановнинг бугунги даражага чиқишида асосий хизмат унинг ўзига тегишли”.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси “К” гуруҳидан жой олган бўлиб, Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: