Украина дронлари Санкт-Петербургга ҳужум қилди: иқтисодий форум куни йирик зарбалар қайд этилди

Украина дронлари Санкт-Петербургга ҳужум қилди: иқтисодий форум куни йирик зарбалар қайд этилди

Кечаси Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Украина дронлари ҳужумига учради. Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко маълум қилишича, вилоят осмонида 59 та учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган.

Ҳужумнинг энг муҳим нишонларидан бири Санкт-Петербург нефть терминали бўлган. Бу ҳужумни Украина президенти Владимир Зеленский тасдиқлаган.

Нефть терминали Болтиқ минтақасидаги энг йирик суюқ юк терминалларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳудуди 37 гектарни ташкил этади ва йиллик ўтказиш қуввати 12,5 миллион тоннадан ошади.

Санкт-Петербургнинг турли туманларида тун давомида портлаш овозлари эшитилган. Шаҳар маркази ва қирғоқ бўйи ҳудудларидан нефть терминали томонида қора тутун кўтарилгани кузатилган.

Шаҳар губернатори Александр Беглов маълумотига кўра, Кронштадт, Кировский ва Красносельский туманларидаги инфратузилма объектлари нишонга олинган. Бир неча киши жароҳатланган, аммо ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Дрон парчалари Ленинград вилоятининг Луга туманидаги тўртта хусусий уйга ҳам зарар етказган.

Ҳужум оқибатида Пулково аэропорти қарийб беш соат фаолиятини тўхтатди. Қатор рейслар кечиктирилди ёки бошқа аэропортларга йўналтирилди. Шунингдек, шаҳарнинг бир қисмида мобил интернет алоқасида узилишлар кузатилди.

Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, айрим турар-жой биноларига дрон ёки унинг бўлаклари тегган бўлиши мумкин. Гувоҳлар дронларнинг бинолар орасида паст баландликда учганини, аҳоли эса ерости автотураргоҳлари ва бошқа хавфсиз жойларга яширинганини билдирган. Айрим аҳоли тун бўйи кучли портлашлар ва титрашларни ҳис қилганини айтган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: