Муздек ичимликлар тишларга зарар етказиши мумкин — стоматолог огоҳлантирди
Совуқ ва муздек ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш тиш эмали ҳамда пломба атрофида микроёриқлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда стоматолог Денис Моисеев маълум қилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, тиш эмали инсон организмидаги энг қаттиқ тўқималардан бири ҳисобланади. Бироқ ҳароратнинг кескин ўзгариши унда “термик шок” ҳосил қилиб, кўзга кўринмайдиган майда ёриқлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Айниқса, пломба қўйилган тишлар бундай таъсирга кўпроқ мойил бўлади. Чунки эмал ва пломба материаллари ҳарорат таъсирида турлича кенгаяди ва қисқаради. Натижада уларнинг туташган қисмида зўриқиш юзага келиб, микро тирқишлар ҳосил бўлиши ёки эмал шикастланиши мумкин.
Шифокорнинг таъкидлашича, иссиқ овқатдан кейин дарҳол муздек ичимлик истеъмол қилиш хавфни янада оширади. Бундай ҳолатда ҳароратнинг кескин фарқи эмал ва дентин қатламларида кучли таранглик ҳосил қилади.
Бундан ташқари, газланган ичимликлар, лимонадлар, шарбатлар ва спорт ичимликлари юқори нордонлик даражасига эга бўлади. Нордон муҳит эмал таркибидаги минералларни емириб, унинг ҳимоя хусусиятларини сусайтиради. Натижада тишлар механик таъсирлар ва ҳарорат ўзгаришларига нисбатан сезгирлашиб қолади.
Мутахассиснинг фикрича, паст ҳарорат ва юқори нордонликнинг биргаликдаги таъсири тишлар саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис муздек ва нордон ичимликларни меъёрида истеъмол қилиш, шунингдек, оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.
