Ўзбекистон минтақанинг бош инвестицион майдонига айланди

Ўзбекистон минтақанинг бош инвестицион майдонига айланди

Тошкент халқаро инвестиция форуми давлат ва ҳукумат раҳбарларини, халқаро молия институтлари етакчиларини бир даврага жамлади. Бу йилги анжуман ўзининг миқёси билан рекордларни янгилаб, жами 10 600 нафардан зиёд иштирокчини бирлаштирди. Уларнинг 4 000 нафардан ортиғи дунёнинг 102 та давлатидан ташриф буюрган хорижий меҳмонлар ва инвесторлардир. Форумнинг сиёсий вазни ва глобал миқёсини мана шу нуфузли иштирокчилар таркиби ҳам яққол кўрсатиб турибди:

🖋Давлат раҳбарлари: Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Валтер Штайнмаер, Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай;

🖋Ҳукумат раҳбарлари: Россия Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Беларус Бош вазири Александр Турчин, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администратсияси раҳбари Ақилбек Жапаров, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода;

🖋Глобал молия гигантлари: Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Янги тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси (ХМК), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ), Европа инвестиция банки ҳамда етакчи хорижий банклар, трансформасион компаниялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари.

Ушбу форумнинг энг муҳим, принсипиал жиҳати шундаки, халқаро меҳмонлар ва дунё етакчилари қандайдир сунъий рағбатлар эвазига келишаётгани йўқ. Аксинча, форумга ташриф буюрган ҳар бир инвестор, ҳар бир нуфузли иштирокчи барча аъзолик бадалларини, ўзининг транспорт ва меҳмонхона харажатларини тўлиқ ўз ёнидан қоплаган ҳолда, шахсий ташаббуси билан Тошкентга келди.

Бу Ўзбекистондаги барқарорликка, унинг иқтисодий истиқболи ва инвестисион жозибадорлигига дунё бизнес элитасининг ҳамда йирик молия институтларининг чинакам ва холис ишончи ҳисобланади. Бу — Ўзбекистон иқтисодий брендининг халқаро миқёсдаги навбатдаги ғалабасидир.

Европадан тортиб Болқонгача, Марказий Осиёдан тортиб Кавказ ва кенг геосиёсий маконгача бўлган давлатлар ҳамда ҳукумат раҳбарларининг бир стол атрофида жам бўлиши — минтақадаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишонч мутлақо янги, юқори чўққига чиққанидан далолат беради. Ўзбекистон бугун нафақат капитал жалб қилмоқда, балки улкан минтақани бирлаштирувчи, уни барқарор тараққиёт сари етакловчи бош локомотив вазифасини ўтамоқда.

Тошкент халқаро инвестиция форуми халқаро миқёсда ўзининг юқори мавқеини батамом мустаҳкамлади. Ўзбекистон шундай даражага чиқдикки, минтақадаги жараёнларни белгилайдиган кучга айланди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: