Солиқ олий мактабига қабул жорий йилдан бошланади
Олий мактабда 3 йил ўқиб бакалавр даражасини олиш мумкин. 50 та Давлат гранди ҳам ажратилади
Келаси 2027-2028-йилдан эса Магистратура ва ундан кейинги босқичлар учун ҳам қабуллар очилади
Президентнинг тегишли қарорига (ПҚ-227, 16.06.2026-йил) кўра, Солиқ олий мактаби Солиқ қўмитаси ҳузуридаги алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган, солиқ органлари учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, солиқ соҳасида фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борувчи республиканинг базавий илмий-методик маркази ва таянч давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Олий мактабга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган академик, молиявий ва ташкилий мустақилликка оид тартиб-таомиллар татбиқ этилади.
Олий мактабда:
➖ 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ўқиш давомийлиги камида уч йил бўлган бакалавриат таълим йўналишларига талабгорлар ўқишга қабул қилинади;
➖ 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичи жорий этилади;
Олий мактабда солиқлар ва солиққа тортиш, рақамли солиқ маъмурчилиги, солиқ ҳуқуқи ва молиявий назорат каби йўналишларда кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.
Олий мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги диплом билан бирга солиқ маслаҳатчиси ва аудитор малака сертификатини олиш учун ўқув курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги ҳужжат берилади.
Бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг сертификатларини (ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA, ACA) олган Олий мактаб талабаларига ушбу сертификатларни олиш бўйича ўқиш харажатлари Олий мактаб томонидан қопланади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
(а) ҳар йили давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларига қўшимча равишда Олий мактаб учун давлат гранти бўйича 50 та, лекин умумий қабул квотасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда қабул квоталари ажратиб борилади;
(б) солиқлар ва солиққа тортиш йўналиши бўйича давлат буюртмасининг устувор равишда Олий мактабга ажратилади.
