Бельгия Фаластин давлатини тан олишга тайёргарликни тезлаштирмоқда

Бельгия Фаластин давлатини тан олишга тайёргарликни тезлаштирмоқда

Бельгия ташқи ишлар вазири Максим Прево ўз аппаратига Фаластин давлатини тан олиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрлаш топшириғини берди. Унинг таъкидлашича, бу масала яқин вақт ичида ҳукумат муҳокамасига қўйилиши кутилмоқда.

Фландриянинг VRT жамоат телерадиокомпаниясига берган интервьюсида Бельгия ташқи сиёсат идораси раҳбари мазкур жараён Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракати ўз маъмурий тузилмаларини тарқатганини эълон қилганидан сўнг фаоллашганини билдирди.

Превонинг айтишича, ҳукумат бу масалани 10 июль куни бўлиб ўтадиган Вазирлар кенгаши йиғилишида муҳокама қилишга улгурадими-йўқми, ҳозирча аниқ эмас.

«Жумагача улгурамизми, билмайман. Аммо бу масала тез орада кун тартибига чиқади», — деди вазир ва қарор имкон қадар қисқа муддатда кўриб чиқилишига умид билдирди.

Бельгия бош вазири Барт де Вевер ўтган йили БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Брюссель Фаластинни тан олиш ниятида эканини маълум қилган эди. Бироқ у бу қадамни бир қатор шартларнинг бажарилиши билан боғлаган. Улар қаторида барча гаровдагиларнинг озод қилиниши ва ҲАМАСнинг Ғазо сектори бошқарувидан четлатилиши ҳам бор.

Ғазодаги уруш бошланганидан кейин Бельгия Исроил ҳаракатларини энг фаол танқид қилаётган Европа давлатларидан бирига айланди. Шунга қарамай, ҳукмрон коалиция ичида Фаластинни тан олиш ва Исроилга қарши чеклов чораларини жорий этиш масаласида ҳамон келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда.

CD&V, Les Engagés ва Vooruit партиялари ҳукуматни Фаластин давлатини расман тан олишга, Исроилга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этишга ҳамда айрим Исроил вазирларининг Бельгияга киришини тақиқлашга чақирмоқда.

Шу билан бирга, N-VA ва MR партиялари Фаластинни тан олиш учун зарур шартлар ҳали бажарилмаганини, АҚШ қўллаб-қувватламайдиган санкциялар эса самара бермаслигини таъкидламоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: