Беларуснинг Витебск шаҳрида Ўзбекистон Миграция агентлиги ваколатхонаси очилади

Беларуснинг Витебск шаҳрида Ўзбекистон Миграция агентлиги ваколатхонаси очилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8−9 июль кунлари Беларусга расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар ижросига доир тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф чоғида ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 2 млрд долларлик 310 та лойиҳа ва чора-тадбирни рўёбга чиқариш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Давлат раҳбари уларни қисқа муддатда амалий натижага айлантириш, янги корхоналар ва иш ўринларини ташкил этиш, тадбиркорлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Беларусда инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун таклиф этилаётган саноат объектлари, давлат мулки ва кенг қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд. Мамлакат ҳудудининг 40 фоизини ёки 8 млн гектарини қишлоқ хўжалиги майдонлари ташкил этади.

Беларусда ишлаш ёки бизнес юритиш истагидаги фуқаролар ва тадбиркорлар рўйхатини шакллантириб, Беларусь томони билан олдиндан келишиб, иш жойи, яшаш шароити, лойиҳа учун зарур бино ва ер масалаларини ҳал этган ҳолда уларнинг боришини ташкил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик

Тақдимотда Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида бажарилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Икки ҳудуд ўртасида «йўл харитаси» тасдиқланиб, аниқ ташаббусларни рўёбга чиқариш бошланган. Жумладан, 255 нафар Андижон вилояти фуқаросининг ташкилий асосда Витебскка бориши ва бандлиги таъминланди.

Шунингдек, 11 та чорвачилик мажмуаси негизида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. «Андижон инвест» компанияси иштирокида йирик чорвачилик комплекси ва санаторий мажмуаси негизида инвестиция ҳамда ижтимоий ташаббусларни бошлаш чоралари кўрилмоқда.

Умуман, Витебск ва Беларуснинг бошқа вилоятларида чорвачилик, ёғочни қайта ишлаш, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида умумий қиймати 100 млн доллардан зиёд бўлган 30 та янги лойиҳа пакети шакллантирилди. Хусусан, Витебск вилоятида 3 минг бош қорамолга мўлжалланган йирик сутчилик мажмуаси, бир қатор ўрта ҳажмдаги чорвачилик хўжаликлари, ёғочни чуқур қайта ишлаш ва унинг чиқиндиларидан пеллет ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилган.

Президент Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасида шаклланган ҳамкорлик моделини бошқа ҳудудлар кесимида ҳам ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари Беларуснинг Витебск, Могилёв, Гродно, Гомель ва Брест вилоятларига бириктирилади. Саноат ва аграр объектлар негизида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, тадбиркорлик лойиҳаларини жойлаштириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида «йўл хариталари» тасдиқланади.

Логистика ва ишга жойлаштириш

Йил якунига қадар «Беларусь темир йўллари» билан ҳамкорликда Витебск вилоятидаги Орша станциясида экспорт-импорт юклари учун мақбул тарифлар асосида хизмат кўрсатадиган интермодал логистика марказини ишга тушириш белгиланди.

Ўзбекистон фуқароларни ташкилий тартибда ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Биринчи босқичда Витебск ва бошқа ҳудудлардаги 13 та корхонага 1100 кишини танлов асосида ишга жойлаштириш режалаштирилган.

Сентябрь ойидан бошлаб ҳар ойда 500 нафардан, жами 5 минг нафар андижонликни Витебск вилоятида доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Бунинг учун Витебск шаҳрида Миграция агентлиги ваколатхонаси очилади.

Тадбиркорларга Беларусда ҳисобварақ очиш, устав фондига маблағ ўтказиш ва лойиҳаларига молиявий ресурслар олишда кўмаклашиш вазифаси қўйилди. Витебскда замонавий сутчилик мажмуаси, ёғочни қайта ишлаш заводи ва логистика компаниясини ташкил этиш учун зарур маблағларни қулай шартларда ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: