Украина ва Европа Иттифоқи дронлар бўйича келишувга эришди
Европа Иттифоқи Украинада дрон ишлаб чиқариш учун 1 миллиард евро ажратади.
Украина ва Европа Иттифоқи дронлар соҳасидаги кенг қамровли ҳамкорликка асос бўладиган биринчи ҳужжатни имзолади. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, мазкур ҳужжат келгусида «Drone Deal» деб аталувчи йирик мудофаа келишувининг асосини ташкил этади.
Зеленскийнинг маълум қилишича, келишув Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг Киевга ташрифи чоғида эришилган.
«Бугун катта мудофаа келишуви — Drone Deal учун асос бўладиган биринчи ҳужжат имзоланди. Бу Украина ва Европа Иттифоқи муносабатларида ҳақиқатан ҳам тарихий қадамдир. Шунингдек, Европа Иттифоқидан ракетага қарши мудофаа дастуримиз учун молиявий қўллаб-қувватлашни кутмоқдамиз», — деди Украина президенти.
Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Украина учун ажратилаётган 90 миллиард еврога тенг кредит маблағлари ҳисобидан мамлакатда дронлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард евро йўналтиради.
