Рустам Жўраев Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинланди
Рустам Жўраев Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда “Газета.уз” нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, президент унинг ҳарбий унвонини генерал-маёрдан генерал-лейтенант даражасига оширган.
Рустам Жўраев янги лавозимга тайинлангунга қадар, 2026 йил январидан бери ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
У янги лавозимда 2020 йил декабридан буён Президент давлат хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилиб келган Алишер Усмоновнинг ўрнини эгаллади. У 17 июль куни кечқурун ишдан ҳайдалгани маълум бўлганди.
Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳақида
Президент давлат хавфсизлик хизмати — президент, унинг оила аъзолари, собиқ президент ва унинг оила аъзоларининг бутун ҳаёти давомида, шунингдек, хорижий давлатлар раҳбарларининг ташрифлари чоғида уларнинг ва бошқа қўриқланувчи шахсларнинг, уларга тегишли объектлар ҳамда ҳаракатланиш йўналишларининг хавфсизлиги учун масъул бўлган махсус давлат органидир.
Манба: Дарё.уз
