Нетаньяху сайловлар арафасида сайловчилар қўллаб-қувватловини йўқотмоқда

Нетаньяху сайловлар арафасида сайловчилар қўллаб-қувватловини йўқотмоқда

Исроил Мудофаа армияси Бош штаби собиқ раҳбари Гади Айзенкот 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг асосий рақибига айланди.

Исроилнинг Channel 12 телеканали ўтказган сўров натижаларига кўра, Гади Айзенкот асос солган Yashar партияси илк бор ҳокимиятдаги «Ликуд» партиясини ортда қолдирмоқда. Сўровга кўра, Yashar 120 ўринли Кнессетда 23 ўрин, «Ликуд» эса 22 ўрин олиши мумкин. Шунингдек, иштирокчиларнинг 43 фоизи Айзенкотни бош вазир лавозимига энг муносиб номзод деб ҳисоблаган бўлса, 34 фоизи Биньямин Нетаньяхуни қўллаб-қувватлаган.

66 ёшли Гади Айзенкот 2015–2019 йилларда Исроил Мудофаа армияси Бош штабига раҳбарлик қилган. Ҳарбий хизматдан сўнг у сиёсатга кириб келди ва яқинда хавфсизлик, давлат институтларини ислоҳ қилиш ҳамда миллий бирлик масалаларини устувор деб билувчи ўз партиясини тузди.

Унинг сайловолди дастурида 2023 йил 7 октябрь воқеаларини текшириш бўйича давлат комиссиясини тузиш, миллий хавфсизликнинг янги стратегиясини ишлаб чиқиш, ультраортодокс яҳудийлар ва Исроилнинг араб фуқаролари учун ҳам мажбурий ҳарбий хизматни жорий этиш, шунингдек, суд тизими мустақиллигини мустаҳкамлаш каби ваъдалар ўрин олган.

Исроилда парламент сайловлари 27 октябрь куни бўлиб ўтади. Ушбу сайловлар Ғазо секторида давом этаётган уруш фонида Биньямин Нетаньяху ҳукумати учун муҳим сиёсий синов сифатида баҳоланмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: