Финляндия мигрантлар оқими сабаб Испанияни Шенген ҳудудидан чиқаришга чақирди
Финляндия ички ишлар вазири Мари Рантанен Европа давлатларини Испания билан Шенген келишувини вақтинча тўхтатиб туришга чақирди.
Унинг фикрича, Испания расмийлари Шенген ҳудудининг ташқи чегараларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлай олмаган ва бу миграция инқирозига сабаб бўлган.
Финляндия ички ишлар вазирининг баёноти Италия бош вазири Жоржа Мелонининг Испанияга нисбатан худди шундай чора кўриш ҳақидаги чақириғидан кейин янгради.
«Ташқи чегараларини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини бажара олмаган давлатлар Шенген ҳудуди аъзоси бўла олмайди», — деб ёзди Рантанен.
Бир кун аввал Марокашдан минглаб ноқонуний мигрантлар Африканинг шимолида жойлашган Испания анклави — Сеута шаҳрига денгиз орқали етиб келган.
Испания Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мигрантлар оқими сони тахминан 50 минг кишига етган. Мамлакат расмийлари маҳаллий полицияга ёрдам бериш учун қўшимча қуруқлик кучларини сафарбар қилган.
Бу Сеутада 2021 йилдан бери кузатилган энг йирик миграция оқими бўлди.
