Ҳамас қуролсизланишга рози бўлди — Ғазода янги келишув
АҚШ президенти Дональд Трамп 31 июль куни кечаси Ғазо секторида фаолият юритаётган қуролли гуруҳларни қуролсизлантириш бўйича якуний келишувга эришилганини маълум қилди.
Келишувга кўра, Ҳамас ва унга алоқадор исломий ташкилотлар енгил ва оғир қуролларини топширади, шунингдек, Ғазо секторидаги узун туннеллар тармоғини демонтаж қилишга рухсат беради.
Трампнинг таъкидлашича, демилитаризация жараёни якунланганидан сўнг Исроил қўшинлари Ғазо секторидан чиқиб кетиши керак. Уларнинг ўрнига Халқаро барқарорлаштириш кучлари (ISF) тинчликпарварлари жойлаштирилади.
АҚШ томонидан Ғазодаги можарони ҳал этиш учун тузилган Тинчлик кенгаши Ҳамас ва бошқа Фаластин гуруҳлари билан қуролсизланиш бўйича келишувга эришган. Трамп бу ҳақда 31 июль куни кечаси маълум қилди.
«Бу узоқ муддатли тинчлик ва хавфсизликка эришиш йўлидаги улкан қадам», — деб ёзди Трамп Truth Social тармоғида.
Унинг таъкидлашича, келишув Ғазони келажакда Фаластин халқи манфаатлари учун Тинчлик кенгаши билан яқин ҳамкорлик қиладиган янги Фаластин раҳбарияти назоратига ўтказиш йўлидаги муҳим қадамдир. Шу билан бирга, Ғазо террорчилик ҳужумлари учун база сифатида ишлатилмайди ва Исроил хавфсизлиги таъминланади.
Трамп келишув босқичма-босқич амалга оширилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, қуролсизланиш якунланганидан сўнг Исроил қўшинлари Ғазодан чиқади, халқаро барқарорлаштириш кучлари эса янги Фаластин полицияси билан ҳамкорликда Ғазо аҳолиси ва қўшни давлатлар хавфсизлигини таъминлай бошлайди.
АҚШ президенти воситачилик қилган Миср, Қатар ва Туркияга, шунингдек, келишувга эришишда иштирок этган жамоасига миннатдорлик билдирди.
Ҳамас ҳам келишувни тасдиқлади. Гуруҳ Ғазо аҳолисини ўлим ва мажбурий кўчиришдан қутқариш мақсадида ён беришларга борганини билдирди.
Тинчлик кенгаши вакилининг The Jerusalem Post нашрига айтишича, Ҳамас ва Фаластин гуруҳлари биринчи марта қуролсизланиш режасининг тўлиқ мазмуни ва уни амалга ошириш механизмларини қабул қилишга рози бўлган.
Келишувга Қоҳирада эришилган. Ҳамас музокарачилари бир ҳафтадан ортиқ вақт давомида Тинчлик кенгаши ва халқаро воситачилар билан келишув шартларини муҳокама қилган.
Al Jazeera маълумотларига кўра, қуролли гуруҳлар қуролларини Ғазо фуқаролик маъмурияти вазифасини бажарадиган Миллий бошқарув қўмитасига топширади.
Дастлаб Ҳамас полиция кучлари енгил қуролларини топширади, кейин эса гуруҳнинг ҳарбий қаноти барча оғир қуролларни қўмитага беради. Ғазода ҳар қандай ҳарбий фаолият тақиқланади.
Келишувда «битта ҳокимият, битта қонун, битта қурол» тамойилига амал қилиниши белгиланган. Қуроллар ёки муайян шахслар учун истиснолар бўлмаслиги таъкидланган.
Шунингдек, Ҳамас жангариларига қурол-яроғларни яшириш, ҳудуд бўйлаб яширин ҳаракатланиш, Миср орқали контрабанда билан шуғулланиш ҳамда ракета ва бомбалар ишлаб чиқариш имконини берган Ғазо туннеллари тизими ҳам йўқ қилиниши керак.
Миллий Ғазо бошқарув қўмитаси янги полиция кучларини шакллантириш вазифасини ҳам бажаради. Халқаро барқарорлаштириш кучлари эса Ҳамаснинг оғир қуролларини зарарсизлантириш, туннелларни демонтаж қилиш, маҳаллий полицияни тайёрлаш ва Исроил қўшинлари чиқиб кетадиган позицияларда хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлади.
Айни пайтда, Исроил расмийлари Ғазодаги қуролли гуруҳларни тўлиқ қуролсизлантириш имкониятига шубҳа билан қарамоқда. Исроил томони Ҳамас таҳдиди мавжуд экан, ўз қўшинларини Ғазодан чиқармаслигини билдирган.
Ҳамас эса аксинча, агар Исроил ўз қўшинларини Ғазодан олиб чиқишни бошламаса, унинг иттифоқчилари келишувни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни бажармаслигини маълум қилган.
Фаластин гуруҳларини қуролсизлантириш бўйича аниқ ҳаракатлар режаси келгуси икки ҳафта ичида эълон қилиниши кутилмоқда.
Тинчлик кенгаши ва халқаро воситачилар ҳисоб-китобларига кўра, қуролсизланиш бўйича келишувни тўлиқ амалга ошириш 200–300 кунгача давом этиши мумкин.
