Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 1 квадриллион сўмдан ошди

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 1 квадриллион сўмдан ошди

2026 йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 1 квадриллион 72,7 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоиз ўсган.

Статистик маълумотларга кўра, иқтисодий ўсишга тармоқларнинг ялпи қўшилган қиймати сезиларли ҳисса қўшган. Ҳисобот даврида саноат ҳажми 272,6 трлн сўмга етиб, 8 фоиз, қурилиш 79,2 трлн сўм билан 13,7 фоиз, савдо, яшаш ва овқатланиш хизматлари 151,2 трлн сўм билан 13,5 фоиз, ташиш ва сақлаш, ахборот ҳамда алоқа соҳаси эса 88 трлн сўм билан 18,6 фоиз ўсишни қайд этди.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида ишлаб чиқарилган қўшилган қиймат 154,3 трлн сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 4,7 фоиз бўлди. Бошқа хизмат тармоқлари ҳажми 282,4 трлн сўмга етиб, 4,1 фоизга ошди.

Ҳисобот даврида ЯИМ дефлятор индекси 2025 йилнинг январ–июн ойларидаги нархларга нисбатан 109,8 фоизни ташкил этди. Энг юқори дефлятор кўрсаткичлари саноатда 113,1 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 111,6 фоиз, бошқа хизмат тармоқларида эса 111,5 фоиз бўлди.

Республика ўртача кўрсаткичидан паст дефлятор индекслари ташиш ва сақлаш, ахборот ҳамда алоқада 103,2 фоиз, қурилишда 105,6 фоиз, савдо, яшаш ва овқатланиш хизматларида 106,2 фоизни ташкил этди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: