Зеленский Сербияга ташриф буюради
Украина президенти Володимир Зеленский 8 август куни Сербияга расмий ташриф билан боради. Бу унинг 2019 йилда президентлик лавозимига киришганидан ҳамда Россиянинг 2022 йилда Украинага қарши тўлиқ босқини бошланганидан бери Белградга амалга ошираётган илк сафари бўлади.
AFP агентлигига суҳбат берган юқори лавозимли украиналик амалдорга кўра, ташрифнинг асосий мақсадларидан бири Сербия билан муносабатларни фаоллаштиришдир. Манбанинг таъкидлашича, Киев Белградни Москва таъсиридан узоқлаштиришга интилмоқда. У шунингдек, Зеленскийнинг Сербияга ташрифини «русларга тарсаки» деб атади.
Сербия Европада Россияга нисбатан энг дўстона муносабатдаги давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат Украинадаги уруш бошланганидан кейин ҳам Москвага қарши санкциялар жорий этмаган ва энергетика соҳасида Россия билан яқин ҳамкорликни сақлаб қолган.
Сербия президенти Александр Вучич 2022 йилдан кейин камида икки марта Россия президенти Владимир Путин билан шахсан учрашган.
Шу билан бирга, Зеленский ва Вучич уруш бошланганидан буён уч марта шахсан мулоқот қилган.
Сербия расман Европа Иттифоқига аъзо бўлишга интилаётган бўлса-да, Брюссель Белграднинг Россия билан яқин муносабатларини бир неча бор танқид қилган. Мамлакат энергетика соҳасида Россияга қарам бўлиб қолмоқда, шунингдек, уруш бошланганидан кейин ўн минглаб россияликлар учун асосий кўчиб ўтиш йўналишларидан бирига айланган.
