Германия канцлери Мерцнинг истеъфоси ҳақидаги фейк хабар ортида Россия турган бўлиши мумкин деб гумон қилинмоқда — AFP
Германия канцлери Фридрих Мерцнинг режалаштирилган истеъфоси ҳақидаги сохта видеонинг тарқатилиши ортида Россия билан боғлиқ Storm-1516 гуруҳи турган бўлиши мумкин, деб хабар беради агентлик Германия хавфсизлик хизматидаги манбасига таяниб.
Уйдирма тафсилотларга ҳақиқий журналистик материал кўринишини бериш учун видеода Deutsche Welle ва Handelsblatt ишбилармонлик газетаси логотиплари сохталаштирилган.
Роликда гўёки ХДИ (Христиан-демократик иттифоқ) партияси ҳужжатлари сизиб чиққани ва унда Мерц паст рейтинглар сабабли келаси ҳафтадаёқ истеъфога чиқишни режалаштираётгани ҳақида ёлғон маълумот берилади.
Бутунлай уйдирма бўлган ушбу хабарни тарқатишдан мақсад «одамларни чалғитиш ва асабийлашишга мажбур қилишдир», деб баёнот берди Мерц офиси.
Storm-1516 гуруҳи Россия ҳарбий разведкаси билан боғланади. Ушбу гуруҳ 2025 йил февралида бундестагга бўлиб ўтган сайловлар пайтида дезинформация тарқатишда, шунингдек, Фридрих Мерц ва Франция президенти Эммануэл Макрон билан боғлиқ бошқа сохта видеоларни яратишда ҳам гумон қилинган эди.
