Исроил христианлар шаҳрини ёпиқ ҳудуд деб эълон қилди

Исроил христианлар шаҳрини ёпиқ ҳудуд деб эълон қилди

Исроил ҳарбийлари Фаластиндаги шаҳарга хорижликлар ва журналистларнинг киришини тақиқлади. Фаластинлик ҳуқуқ ҳимоячиси бу қарорни «этник тозалаш» йўлидаги янги қадам деб атади.

Исроил армияси Ғарбий соҳилда тўлиқ христиан аҳоли яшайдиган сўнгги шаҳар — Тайбани «ёпиқ ҳарбий ҳудуд» деб эълон қилди ва у ерга исроилликлар, хорижликлар ҳамда журналистларнинг киришини тақиқлади.

Фаластинлик христиан ва ҳуқуқ ҳимоячиси Ихаб Ҳассаннинг таъкидлашича, янги чекловлар халқаро фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг шаҳарга бориб, исроилликлар томонидан содир этилаётган ҳужумларни ҳужжатлаштиришига тўсқинлик қилади.

Ҳассаннинг сўзларига кўра, фаластинликларга ҳужум қилаётган яҳудий кўчманчиларни ҳибсга олиш ўрнига, армия ушбу ҳужумларни қайд этаётган шахсларнинг ҳаракатланишини чеклаган. У бу қарорни Тайбадаги «этник тозалаш» йўлидаги янги қадам деб атаб, вазиятдан жиддий хавотир билдирди.

Ҳассоннинг таъкидлашича, ҳокимият бу чораларни гувоҳлар, журналистлар ва халқаро жамоатчилик эътиборисиз амалга оширишни истамоқда. Унинг фикрича, тақиқнинг давом этиши шаҳарнинг келажаги ва мавжудлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячиси, шунингдек, чекловлар Тайбадаги ҳужумларни ҳужжатлаштиришни ҳам қийинлаштиришини билдирди. Таъкидланишича, Фаластин ерларини эгаллаётган исроилликлар шаҳар ҳудудларига мунтазам равишда рейдлар уюштириб, ҳужумлар содир этмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: