Колумбиядаги зилзила: ҳалок бўлганлар сони 224 нафарга етди

Колумбиядаги зилзила: ҳалок бўлганлар сони 224 нафарга етди

7,4 магнитудали зилзила Кали ва Перейра шаҳарларида ўнлаб биноларни вайрон қилди, яна 1310 киши жароҳат олди. Ҳокимият мамлакат миқёсида фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Душанба куни Колумбияда содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 224 киши ҳалок бўлди, яна 1310 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Колумбия пойтахтлари ассоциацияси маълум қилди. Табиий офат оқибатида бир нечта шаҳарда бинолар қулаб тушган, кенг кўламли қутқарув ишлари давом этмоқда.

Энг кўп зарар Кали ва Перейра шаҳарларига етган. Калида 95 киши ҳалок бўлган, 885 киши жароҳатланган ва 56 та бино қулаб тушган. Перейрада эса 72 киши ҳалок бўлиб, вайрон бўлган бинолар сони 66 тага етган.

Кибдо, Кали, Манисалес, Перейра ва Армения шаҳарларида қизил даражадаги хавф сигнали эълон қилинди. Перейра, Манисалес, Кибдо, Армения, Картаго ва Буэнавентура аэропортларидаги ишлар вақтинча тўхтатилган.

Ҳокимият маълумотларига кўра, зилзила 1575 та турар жойга зарар етказган, уларнинг 37 таси тўлиқ вайрон бўлган. Шунингдек, 61 та бино, 18 та тиббий марказ, 52 та таълим муассасаси, 17 та жамоат маркази ва 18 та йўл зарарланган.

Колумбия ҳукумати офат оқибатларини бартараф этиш учун давлат ресурсларини сафарбар қилиш ва мувофиқлаштиришни кучайтириш мақсадида миллий миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Зилзила маҳаллий вақт билан соат 7:34 да содир бўлган. Унинг эпицентри Сан-Хосе-дель-Пальмар шаҳрининг тахминан 5 километр шарқида жойлашган. АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила ўчоғи 107 километр чуқурликда бўлган.

Асосий зилзиладан 44 дақиқа ўтиб, магнитудаси 5,0 бўлган такрорий силкиниш содир бўлган. Унинг эпицентри Сан-Хосе-дель-Пальмардан тахминан 16 километр ғарбда жойлашган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: