Болаларни ЎРВИ ва гриппдан ҳимоялаш бўйича тавсиялар

Болаларни ЎРВИ ва гриппдан ҳимоялаш бўйича тавсиялар

Куз мавсумида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари кўпайиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналарга болаларни мавсумий касалликлардан ҳимоялаш, касалланганда уларни тўғри парвариш қилиш ҳамда қачон шифокорга мурожаат қилиш кераклиги бўйича тавсиялар берди.

Вазирликка кўра, кузда ҳаво салқинлашиши, болаларнинг таътилдан мактаб ва боғчаларга қайтиши, одамларнинг ёпиқ хоналарда кўпроқ вақт ўтказиши вируслар тарқалишини осонлаштиради. Шу сабабли болаларга қўлларни, айниқса овқатланишдан олдин ва ҳожатхонадан кейин совунлаб ювишни ўргатиш, касалланганлар билан яқин мулоқотни чеклаш муҳим.

Болада бурун оқиши, йўтал, томоқ оғриғи ёки иситма кузатилса, уни мактаб ёки боғчага юбормаслик тавсия этилади. Бу боланинг тезроқ соғайишига ва инфекциянинг бошқаларга тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради. Шунингдек, болани об-ҳавога мос кийинтириш ва нам кийимда юрмаслигига эътибор қаратиш лозим.

ССВ соғлом овқатланиш ва етарли уйқуга ҳам эътибор беришни тавсия қилган. Рационда сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари, тухум, гўшт, балиқ ҳамда дуккакли маҳсулотлар етарли бўлиши, газли ва энергетик ичимликлар, чипс, сухарик ҳамда ортиқча ширинликлар чекланиши керак. Болани мунтазам бир вақтда ухлаб, бир вақтда туришга одатлантириш, уйқудан олдин телефон ва планшетдан фойдаланишни камайтириш ҳам тавсия этилади.

Гриппнинг асосий белгилари

Вазирлик гриппни ўткир ва тез юқувчи касаллик сифатида таърифлаган. Унинг яширин даври одатда 1–4 кунни ташкил этади. Касаллик тана ҳароратининг тўсатдан кўтарилиши, йўтал, бош, мушак, томоқ ва бўғимлардаги оғриқ ҳамда ҳолсизлик билан бошланиши мумкин.

Оғир ҳолатларда болаларда нафас олиш қийинлашиши, иштаҳа йўқолиши, сувсизланиш ва эътибор пасайиши кузатилиши мумкин. Грипп айрим ҳолларда зотилжам, ўпка абссесси, ўткир респиратор дистресс синдроми, синусит, отит, менингит ва бошқа асоратларга олиб келиши эҳтимоли бор.

ССВ 6 ёшгача бўлган болаларни грипп бўйича хавф гуруҳларидан бирига киритган. Шунингдек, кексалар ва ҳомиладор аёллар ҳам хавф гуруҳига киради.

Гриппга қарши эмланиш тавсия этилади

ССВ гриппга қарши эмланишни касалликнинг олдини олиш ва унинг оғир кечиши хавфини камайтиришнинг самарали усулларидан бири сифатида кўрсатган. Айниқса, ёш болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар, сурункали касаллиги бор инсонлар ва тиббиёт ходимларига эмланишга эътибор қаратиш тавсия этилади.

Вакцинадан кейин айрим одамларда укол қилинган жойда оғриқ, енгил иситма ёки ҳолсизлик кузатилиши мумкин. Вазирлик бундай белгилар одатда қисқа муддатда ўтиб кетишини билдирган. Эмланишдан олдин оилавий шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.

Бола тез-тез шамолласа, бу ҳар доим иммунитет пастлигини англатмайди

ССВ маълумотига кўра, 3 ёшгача бўлган бола бир йилда 4 мартадан кўп, 3 ёшдан катта бола эса 6 мартадан ортиқ ЎРВИ, грипп ёки бронхит билан касалланса, у тез-тез шамолловчи болалар гуруҳига киритилиши мумкин. Бундай ҳолатда педиатр кўригидан ўтиб, касалланиш сабабларини аниқлаш муҳим.

Бироқ боланинг йил давомида бир неча марта шамоллаши ҳар доим иммунитети пастлигини англатмайди. Айниқса, боғчага қатнайдиган болалар янги вируслар билан кўпроқ тўқнашади. Касалликлар узоқ давом этса ёки ҳар сафар оғир кечса, боланинг овқатланиши, уйқуси, жисмоний фаоллиги, эмлаш ҳолати ва сурункали касалликлари шифокор томонидан баҳоланиши керак.

Касалланган болани қандай парвариш қилиш керак?

ЎРВИ билан касалланган болага суюқликни оз-оздан, тез-тез ичириш тавсия этилади. Хонани мунтазам шамоллатиш, болани ортиқча иссиқ кийинтирмаслик ва бурун битганда тузли эритмалардан фойдаланиш мумкин.

Болани мажбурлаб овқатлантириш шарт эмас. Унга ёшига мос, енгил ҳазм бўладиган таомлар бериш, чақалоқларни эса тез-тез эмизиш муҳим.

ССВ ЎРВИни антибиотиклар билан даволаш мумкин эмаслигини ҳам эслатган. Антибиотиклар вирусларга эмас, бактерияларга қарши қўлланади. Шифокор тавсиясисиз антибиотик бериш турли ножўя таъсирларга, жумладан, аллергик реакцияларга олиб келиши мумкин.

Иситмада қачон дори бериш керак?

Вазирлик тавсиясига кўра, 1 ёшгача бўлган болаларда тана ҳарорати 38–38,2 даражага, 1 ёшдан ошганларда эса 38,5 даражага етмагунча иситма туширувчи дори бериш тавсия этилмайди. Иситма вақтида болага илиқ сув ва бошқа суюқликларни тез-тез бериш, енгил таомларни оз-оздан истеъмол қилдириш лозим.

Ҳарорат 38,5 даражадан ошса, парацетамол ёки ибупрофен каби иситма туширувчи воситалардан фойдаланиш тавсия этилади.

Агар боланинг аҳволи яхшиланмаса, кучли ҳансираш, нафас қисиши, тез-тез нафас олиш, ҳаддан ташқари уйқучанлик, овқат емай ёки эммай қўйиш, кучли безовталик каби белгилар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Бундай ҳолатларда пастки нафас йўлларида яллиғланиш ёки бактериал инфекция қўшилиши эҳтимоли борлиги сабабли шифохонада даволаниш талаб қилиниши мумкин.

Ота-оналар нималарга йўл қўймаслиги керак?

ССВ бола касалланганда томоқни ёд, зелёнка ёки бошқа кучли воситалар билан артишни тавсия этмайди. Шифокор тавсиясисиз турли дориларни аралаштириб укол қилиш ҳам хавфли. Иситма туширувчи препаратлар боланинг ёши ва вазнига мос дозада берилиши керак.

Шунингдек, йўтал, астма ёки аллергияси бор болалар хонасида исириқ ва бошқа тутунли воситаларни тутатиш тавсия этилмайди. Тутун нафас йўлларини таъсирлантириб, йўтал ва нафас қисишини кучайтириши мумкин.

Иситмаси бор болани қалин кийим ва кўрпага ўраб ташлаш ҳам нотўғри. Хона ҳарорати мўътадил бўлиши, бола эса енгил ва қулай кийимда сақланиши керак. Хонани шамоллатиш лозим, бироқ болани совуқда ёки елвизакда қолдирмаслик зарур.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: