Россия ҳарбий вертолёти Польша ҳаво ҳудудини бузди
Россия армиясининг Ми-8 вертолёти Калининград вилояти томонидан Польша ҳаво ҳудудига кирди ва у ерда бир дақиқадан камроқ вақт давомида бўлди, деб хабар берди Польша Қуролли кучларининг тезкор қўмондонлиги. Қайд этилишича, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 11:08 да Бранево шаҳридан шимолда юз берган.
«Ушбу ҳодиса Россия навбатдаги марта ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимизнинг жанговар шайлигини синовдан ўтказаётганини кўрсатади. Польша ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг ишлаши учун масъул ходимларимиз кечаю кундуз кузатув олиб бормоқда ва Польша ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш учун доимий шай ҳолатда турибди», деб таъкидлади қўмондонлик.
22 сентябр оқшомида бошланган Россиянинг Украинага оммавий ҳужуми вақтида Польшанинг жануби-шарқидаги Люблин ва Жешув аэропортлари ўз ишини вақтинча тўхтатган эди. Польшанинг PANSA аэронавигация хизмати агентлиги Польша қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилганидан сўнг, парвозларга қўйилган чекловлар бекор қилинганини маълум қилди.
