Трамп, Путин, Эрдўған ва Тўқаев “матбуот эркинлиги кушандалари” рўйхатига киритилди
Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилоти 2026 йилда журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига босим ўтказган шахслари ҳамда ташкилотлар рўйхатини эълон қилди. “Матбуот эркинлиги кушандалари” деб номланган ушбу рўйхатга дунёнинг бир қатор давлатлари етакчилари ҳам киритилди.
RSF Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни “Ҳуқуқ” тоифасига киритган. Ташкилотга кўра, бу тоифадаги шахслар ва тузилмалар журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситаларига қарши асоссиз суд жараёнларини қўзғатиш орқали матбуот фаолиятига тўсқинлик қилади.
RSF’нинг 2026 йилги рўйхатида АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам бор. Ташкилот уни Америка журналистикасини сиёсий коммуникация воситасига айлантиришга уринишда айблаган. RSF маълумотларига кўра, АҚШ матбуот эркинлиги рейтингида 64-ўринда турибди.
Рўйхатдан Россия президенти Владимир Путин, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Беларус раҳбари Александр Лукашенко ва “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ва Буркина-Фасодаги ҳарбий ҳукумат ҳам жой олган.
Бундан ташқари, RSF Исроил мудофаа кучлари, Хитой Коммунистик партияси ва Мексикадаги наркокартелларни журналистларга босим ўтказишда айблаган.
Иқтисодий босим билан боғлиқ тоифадан Alphabet (Google эгаси) ва Мeta (Facebook, Instagram, WhatsApp эгаси) технология компаниялари, “Жамият” тоифасидан эса америкалик миллиардер Илон Маск ўрин олган.
