Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон 2035 йилги Осиё кубогини ўтказиши мумкин

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон 2035 йилги Осиё кубогини ўтказиши мумкин

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон 2035 йилги Осиё кубогини биргаликда ўтказишни режалаштирмоқда.

 

Маълумот учун, мусобақа мезбонлари автоматик тарзда Осиё кубогида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

 

2023 йилнинг май ойида Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CАФА) президенти Эмомали Рустам ташкилот конгрессида 2031 ёки 2035 йилларда Осиё кубоги финал босқичини ўтказиш учун қўшма ариза топшириш режасини эълон қилган эди.

 

Эмомали Рустам ўз нутқида минтақа тарихда ҳеч қачон Осиё кубогининг финал босқичига мезбонлик қилмаганини таъкидлади.

 

“Менимча, вақти келди. Минтақамиз жуда кучли жамоалардан иборат ва ишончим комилки, биз қардош давлатлар билан биргаликда Осиё чемпионатининг финал босқичини юқори савияда ўтказамиз”, — деди CАФА президенти.

 

Шундан сўнг Осиё Футбол Конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва минтақа терма жамоалар ўртасидаги Осиё чемпионатини ўтказишга муносиб эканини таъкидлади.

 

Осиё Кубоги (ОФК) 1956 йилдан буён ҳар 4 йилда бир марта ўтказиб келинмоқда ва жаҳон чемпионатидан бир йил ўтиб ўтказилади. Япония терма жамоаси 4 бора бош совринни қўлга киритган.

 

2023 йилда ўтказилган сўнгги турнир мезбон Қатар терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси мезбон жамоага пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб, чорак финалда ўз юришини тўхтатган эди.

 

Навбатдаги Осиё кубоги 2027 йилда бўлиб ўтади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: