Украина молия вазири: “Урушнинг ҳар бир куни 120 млн еврога тушади”

Украина молия вазири: “Урушнинг ҳар бир куни 120 млн еврога тушади”

Украина молия вазири Сергей Марченко урушнинг ҳар бир куни Киевга 120 миллион еврога тушишини айтди. Бу ҳақда Bild хабар берди, деб ёзмоқда Daryo.uz.

Марченконинг сўзларига кўра, Киевнинг хавфсизлик ва мудофаа учун ойлик харажатлари тахминан 3,7 миллиард еврони ташкил қилади. Украинанинг 2024 йилги бюджетига 11 миллиард евродан ортиқ маблағ етишмайди. Ушбу маблағларнинг аксарияти солиқларни ошириш орқали тўпланиши керак, бунинг учун ҳукумат яқинда янги қонун лойиҳасини тақдим этган.

Икки йилдан ошган Россиянинг кенг кўламли босқинидан бери Украина бюджети ярмидан кўпи Ғарб давлатларининг кредитлари ва грантлари билан тўлдирилган. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) июнь ойида Украинанинг 2024 йил учун ЯИМ ўсиши прогнозини апрель ойидаги 3,2 фоизлик прогнозга нисбатан 2,5-3,5 фоизга туширганди.

Ўтган йили Украина мудофаа вазири бўлган Алексей Резников Россияга қарши урушнинг бир кунлик харажатларини 100 миллион долларга баҳолаганди. У аслида армия Украина фуқаролари томонидан таъминланиши, чунки улар ишлаши ва давлат бюджетига юбориладиган солиқларни тўлашини айтганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: