Рақобат қўмитаси: «Лабораторияда текширилган 8 та озиқ-овқат маҳсулоти сифатсиз экани аниқланди»

Рақобат қўмитаси: «Лабораторияда текширилган 8 та озиқ-овқат маҳсулоти сифатсиз экани аниқланди»

Тошкент шаҳридаги шохобчаларда сотилаётган 8 та номдаги озиқ-овқат маҳсулоти сифатсиз экани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, қўмита Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда назорат харидига оид янги лойиҳани бошлаган. Шунинг доирасида пойтахт дўконларида сотилаётган 9 та номдаги озиқ-овқат маҳсулоти харид қилиниб, лабораторияларда текширилган.

Таъкидланишича, уларнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Миллий “Referens” ва “Texnostandart–NEO” МЧЖ ҳузуридаги аккредитациядан ўтган лабораториялари хулосаларини берган. Унга кўра, 9 тадан 8 та маҳсулот амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқ деб топилган.

Яъни техник регламент ёки стандарт талаблари бўйича камчиликлар маҳсулотнинг таркиби, ёриқланиши ва қадоқланиши билан боғлиқ экани аниқланган. Қўмитага кўра, бу маҳсулотлар қуйидаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегишли:

1. “BRUNI” шоколадли кекс маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Almerro Group” МЧЖ;

2. “SELLATILGAN MOL GO‘SHTI oliy nav” Консерваланган мол гўшти маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Marmaks” ҚК МЧЖ;

3. “BIO KEFIR” кефир – ишлаб чиқарувчи корхона “DIL-BAH DAIRY GROUP” МЧЖ;

4. “Qand” маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Prima industries group” МЧЖ;

5. “Черноголовка” газланган салқинлантирувчи ичимлик – ишлаб чиқарувчи корхона “Aqua Products” МЧЖ ҚК;

6. “Urussa” кунгабоқар ёғи – ишлаб чиқарувчи корхона “Resurs” мой экстракция заводи;

7. “Кунжутное масло” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХК;

8. “Sedana yog‘i” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарвчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХКлар.

Ҳозирда Рақобат қўмитаси томонидан назорат хариди давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сифатсиз маҳсулотларнинг сотилишига чек қўйиш юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилаётгани маълум қилинди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: