Йўналишини ўзи вақтида танламаган абитуриентлар ОТМга қабул қилинмайди
АОКАда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова иштирокида брифинг ташкил этилди.
Маълум қилинишича, жорий ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш икки босқичда – “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Айни кунларда абитуриентлар томонидан олий таълим муассасаларини танлаш босқичи давом этмоқда. Абитуриентлар my.uzbmb.uz портали орқали 10 августга қадар (шу куни ҳам) олий таълим муассасалари йўналишларини танлашлари талаб этилади. Йўналишларни белгиланган муддатгача танламаган абитуриентлар олийгоҳларга қабул қилинмайди.
Танлов жараёнида абитуриентлар бештагача олий таълим муассасаси, таълим йўналишлари ва шакллари ҳамда танлов устуворлигини белгилаши лозим.
Агар абитуриент устуворлик сифатида “Давлат гранти”ни танласа, у дастлаб давлат гранти учун ажратилган қабул параметрлари доирасида, танлаган таълим йўналишларининг қатъий кетма-кетлиги асосида тўплаган бали бўйича танловда иштирок этади. Абитуриент давлат грантига талабаликка тавсия этилмаган тақдирда, юқоридаги тартиб бўйича тўлов-контракт учун ажратилган қабул параметрлари доирасида танловда қатнашади. Яъни, абитуриентнинг бали аввал давлат гранти бўйича кўриб чиқилади, ҳеч бирига тавсия этилмаган тақдирда, тўлов-контракт бўйича танловда иштирок этади.
Агар абитуриент “Таълим йўналиши”ни устуворлик сифатида танласа, таълим йўналишларининг қатъий кетма-кетлиги асосида тўплаган бали бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этади.
Шунингдек, абитуриентлар агар мақсадли қабул мавжуд бўлса, унга рози ёки йўқлиги ҳамда таълим шаклларини танлаши лозим. Бунда камида 1 та таълим йўналишини танлаш мажбурий, қолган таълим йўналишларини танлаш эса ихтиёрийдир. Шу ўринда 10 августга қадар абитуриентлар my.uzbmb.uz порталидаги шахсий кабинетларида киритган танловларини таҳрир қилиш имкониятига ҳам эга.
Талабаларнинг сифатли таълим олишлари учун муҳим омиллардан бири уларни турар жой билан таъминлаш масаласидир. 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг барча курс талабалари ётоқхоналарга онлайн ариза юбориш имкониятидан фойдаланишлари мумкин. Ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига ойлик ижара тўловининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт. Бунда талабгорларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўланади.
Сўнгги йилларда республикада ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Ҳозирда 112 та олийгоҳда жами 338 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, уларнинг сиғими 127 минг 792 ўринни ташкил этмоқда. 2024 йил давомида талабалар турар жойларини қуриш ҳисобига 27 мингта ўрин яратиш топшириғи берилган. Айни пайтда 34 минг 320 ўринли 67 та талабалар турар жойини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йил якунига қадар Давлат дастурида белгиланган талабалар турар жойлари қуриб фойдаланишга топширилади.