Венгрияда «Турк дунёси-2024 анъанавий Қурултойи» бўлиб ўтади
⚡️Жорий йилнинг 9-11 август кунлари Венгриянинг Бугач шаҳридаги «Катта ова» майдонида Венгр-Турон вақфи томонидан «Туркҳун» халқларининг маданий бойликларини дунёга танитиш мақсадида 50 дан ортиқ намойишлар бўлиб ўтади. Ушбу тадбирда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан делегация аъзолари фаол иштирок этади.
❗️Мазкур маданий намойишлар доирасида Ўзбекистоннинг машҳур «Лазги» рақси намойиш этилиши ва шу билан бирга, Ўзбекистондан бир қатор олимлар, хусусан археологлар, иштирок этиши кўзда тутилган.
🎉Қурултой дастури Авар ва Венгрия зирҳли отлиқларининг юриши, хун етакчиларининг кийимлари, жанговар намойишлар, от пойгалари, чавандозлик мусобақалари, камондан ўқ отиш мусобақаси, анъанавий санъат турлари, ҳунармандчилик ва ярмаркаси, Венгрия, хун ва авар маданий меросини ёритувчи кўргазмалар каби анъанавий тадбирларни ўз ичига олади.
❗️Энг диққатга сазовор жойлардан бири катталиги 20 метрдан ортиқ бўлган ва Аттила ҳукмронлиги даврини акс эттирувчи дунёдаги энг катта ўтов «Аттила тормикаси» бўлиб, ушбу ўтов, тадбирнинг йирик диққатга сазовор жойларидан бири сифатида, иштирокчиларга Хунлар даврининг бой тарихий ва маданий меросини яқиндан кўриш имкониятини беради.
Маълумот учун: Илк Қурултой 2007 йилда Қозоғистонда ташкил этилган бўлиб, 2008 йилда биринчи марта Венгрияда ўтказилган. Турк дунёсининг 2024 йилги Қурултойи 25 дан ортиқ қардош халқларни ўз ичига олиб, Хунларнинг маданий бойлигини намойиш қилувчи 50 дан ортиқ турли тадбирлар уч кунлик бой дастурни ўз ичига олади. Турон ассоциациясининг таклифига биноан, жонли хилма-хиллик ва маданият вакиллари ва 100 дан ортиқ жамоалар иштирок этиши кутилмоқда.
Қурултой Турк дунёсининг қадимий ва бой тарихини, анъаналари ва маданиятини кенг жамоатчиликка намойиш қилишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу Қурултой орқали халқлар ўртасидаги маданий алоқалар янада мустаҳкамланади ва янги ҳамкорликлар учун замин яратилади.