Маск Трампдан интервю олди
АҚШ президентлигига номзод (ва собиқ президент) Доналд Трамп узоқ танаффусдан сўнг Х (собиқ Twitter)га қайтди ва Илон Маск ундан интервю олди.
Аввало айтиш керакки, жуда кутилаётган ва энг глобал масалалар муҳокама қилинадиган «аср интервюси»ни барча ҳам онлайн кузата олмади. Интервю 45 дақиқа кеч бошланди ва 1,3 миллиондан зиёд фойдаланувчи уни онлайнда эшитди. Қолганлар эса аудиохонага улана боғланолмай, сервис ишламаётгани ҳақида хабарлар олишди.
Сал ўтиб Илон Маск Х тармоғи DDOS-ҳужум (саноқсиз компютерлар орқали хакерлик ҳужуми) бўлганини маълум қилди ва агар муаммо ҳал этилмаса, Трамп билан суҳбат кам сонли аудитория билан давом эттирилиши ва кенг оммага кейинроқ ҳавола этилишини билдирди.
Шу суҳбат тафсилотлари чиқишни бошлади, айримларига тўхталамиз.
Нега унга суиқасд қилишга имкон яралгани ҳақида
Трампнинг фикрича, бу турли ҳуқуқ посбонлари ўртасида мувофиқлик йўқлигининг оқибати.
Унинг айтишича, боши устидан ўқлар учиб ўтаётган бир паллада махфий хизмат ходимлари ўз таналари билан уни ҳимоялашган. Бунинг учун катта мардлик керак, деди у.
«Бироқ мувофиқлик етишмади. Бино назоратга олиниши керак эди», — деди Трамп.
Суиқасддан сўнг Худога кўпроқ ишонишни бошладим, дея Трамп динсизларга буни бир ўйлаб кўришни маслаҳат берди.
Украинадаги урушни тўхтатиб қолган бўлардим, Байденда «умуман IQ йўқ»
«Украинада сиз ўйлаганингиздан ҳам кўп одамлар ҳалок бўлди. Украинада эркаклар қолмади. Ёшларни ва кексаларни фронтга юборишяпти. Мен буни тўхтатиб қола олардим. Путин билан гаплашардим, у билан яхши чиқишамиз, у менга қулоқ тутарди. У (Байденни назарда тутмоқда — таҳр.) эса буни ҳеч қачон қилмасди», — деди Трамп.
Трампнинг айтишича, Байден Украина НАТОга кириши мумкин деб аҳмоқона хатога йўл қўйган: «30 йил аввал Байденнинг IQси паст эди, ҳозир афтидан унда «умуман IQ йўқ».
Трампнинг бошқа фикрлари
Байден сайловолди курашидан давлат тўнтариши оқибатида чиқиб кетган, ўзи кетишни истамаган.
Мамлакатга ҳеч нарса таҳдид солмаслиги учун АҚШ узра дунёдаги энг зўр «Темир гумбаз» (ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими) қурмоқчи.
Пенсилваниядаги чиқишида унга қарата ўқ узган киллерни нейтраллаштирган снайпердан Трамп жуда миннатдор. Ўшанда бир киши ҳалок бўлган, бир неча кишига жароҳат етган, Трамп қулоғидан яраланганди.
Дунёга энг катта хавф глобал исиш эмас, балки «ядровий исиш».
Ҳозирги суръатида Хитой ядровий арсенали катталиги бўйича АҚШни ортда қолдириши мумкин.
Украина қуролли кучларига одам етишмаяпти.
Вашингтон Россия ва Хитой манфаатлари муштарак келишига йўл қўймаслиги шарт.
АҚШ учун ташқи таҳдидлар (хусусан, Хитой ва Россия)дан кўра, ички таҳдидлар хавфлироқ.