Ер юзида ёввойи ҳайвонлар сони 50 йилда 73 фоизга камайди

Ер юзида ёввойи ҳайвонлар сони 50 йилда 73 фоизга камайди

Ер юзида ёввойи ҳайвонлар сонининг «ҳалокатли қисқариши» кузатилмоқда. Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) томонидан тақдим этилган Living Planet 2024 ҳисоботига кўра, сўнгги 50 йил ичида уларнинг популяцияси ўртача 73 фоизга камайди.

Ҳисобот 5500 га яқин амфибиялар, қушлар, балиқлар, сутэмизувчилар ва судралувчиларнинг 35 минг популяцияси кузатувларига асосланган. Хусусан, чучук сув ҳавзалари жонзотлари энг кўп зарар кўрган, уларнинг сони 1970 ва 2020 йиллар орасида 85 фоизга камайган. Кейинги ўринларда амфибиялар (69 фоиз) ва денгиз популяциялари (59 фоиз) туради.

Ёввойи ҳайвонлар популяцияси Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида ярим асрда энг кўп — 95 фоизга камайган. Африка ва Осиё-Тинч океани минтақасида бу кўрсаткич мос равишда 76 фоиз ва 60 фоизни ташкил этган.

Европа ва Марказий Осиёда пасайиш 35 фоизни, Шимолий Америкада эса 39 фоизни ташкил этган, бироқ ҳисобот муаллифларининг айтишича, бунинг сабаби у ердаги ёввойи табиатга катта таъсирлар 1970 йилдан олдин содир бўлган.

Ҳужжатда айтилишича, ҳар бир минтақадаги ёввойи табиат учун энг катта таҳдид инсоннинг озиқ-овқат тизими туфайли таназзулга учраши ва яшаш жойларининг йўқолишидир. Улардан кейин ҳаддан ташқари эксплуатация, инвазив турлар ва касалликлар туради. Бошқа таҳдидларга эса иқлим ўзгариши ва ифлосланиш киради.

Муаллифларнинг таъкидлашича, табиат жадал суръатларда йўқолиб бормоқда ва дунё қайтмас нуқталарга яқинлашаётганини кўрсатмоқда. Бу нуқталар бутун инсоният ва кўплаб турлар учун жиддий хавф туғдириб, Ернинг ҳаёт таъминлаш тизимларига зарар етказиши, шунингдек, глобал миқёсда издан чиқариши мумкин. Улар ушбу тезлашувни огоҳлантириш сифатида баҳолаб, табиатни сақлаш учун кескин чоралар кўриш зарурлигини таъкидлашмоқда.

Ҳисоботда қайд этилишича, глобал миқёсдаги қайтмас нуқталардан бири бу маржон рифларининг ҳалок бўлишидир. Маржон рифларининг йўқолиши нафақат балиқчиликни йўқ қилади, балки миллионлаб одамлар яшаётган соҳилларни тўлқинли бўронлардан ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум этади. Бу аҳоли жойлашган соҳиллар янада заифлашиши ва иқтисодий ҳамда экологик жабҳаларда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: