Икки ҳудудда фуқароларни АҚШ ва Польшага ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди

Икки ҳудудда фуқароларни АҚШ ва Польшага ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ҳамда Навоий вилоятининг Хатирчи туманларида фуқароларни хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Мирзо Улуғбек туманида фуқаро А.Н. фуқаро С.Х.нинг ишончига кириб, унга гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юборишни ваъда қилган.

 

Бунинг эвазига 21 минг доллар бериши кераклигини айтиб, шундан 9 минг долларни олган вақтида ушланган.

 

Шунингдек, Хатирчи туманида фуқаро М. фуқаро Ш.ни Польшага ишга юбориши эвазига 1 минг доллар ва 6,3 млн сўмни олган вақтида ушланган.

 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Аввалроқ, Давлат хавфсизлик хизмати Буюк Британияга ишга юбориш учун тўрт кишидан 12 минг доллар олган шахс ушлангани ҳақида хабар берганди.

 

Шу каби ҳолат Тошкент шаҳрида ҳам кузатилганди. 3 нафар фуқарони танишлари ёрдамида Буюк Британияга ишга юбориши ва виза олиб бериши эвазига 12 000 АҚШ доллар олган фуқаро қўлга тушганди.

 

Бундан аввал Тошкентда фуқарони Японияга ишга жўнатиш эвазига 7,4 минг доллар олган шахс, Самарқандда тўрт кишини Польшага ишга юбориши эвазига жами 10 700 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган шахсга жиноят иши қўзғатилганди. Самарқанд, Жиззах ва Тошкентда фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланганди.

 

Президентнинг “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра 2024 йил 1 ноябрдан хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар Миграция агентлигининг электрон платформаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб борилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: