Бугун БМТ нега ўз аҳамиятини йўқотди?

Бугун БМТ нега ўз аҳамиятини йўқотди?

Деярли 80 йил муқаддам ташкил этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг урушлар олдини олишдаги заифлиги шу қадар яққол кўриниб қолдики, бу ҳолат унинг аҳамиятини жиддий шубҳа остига солмоқда. Ғазода 15 ой давом этган сионистларлар қирғини унинг кўплаб муваффақиятсизликларига энг ёрқин намуна бўлди. Ушбу мақолада БМТ нима учун сионистлар ҳужумини тўхтата олмагани сабаблари кўриб чиқилади, лекин аввал БМТ муваффақиятсизликка йўлиққан бошқа баъзи соҳаларга ҳам бир қур назар ташлаймиз.

 

БМТ Ҳиндистон ишғоли остидаги Кашмирда муваффақиятсизликка учради. Саккиз йил давом этган Ироқнинг Эронга қарши урушини тўхтата олмади. 2003 йилда АҚШнинг Ироққа қарши урушини, шунингдек, саккиз йил давом этган Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг Яманга қарши урушининг олдини ола олмади. Хўш, асосий мақсади урушларнинг олдини олиш бўлган бу ташкилот нега ўз вазифасини бунчалик самарасиз бажарди?

 

Адолат юзасидан айтганда, БМТ фақат 193 аъзосининг жамоавий иродасини акс эттиради, аммо унинг тузилишида ўзига хос муаммолар мавжуд. Икки асосий орган – Бош Ассамблея ва Хавфсизлик Кенгаши мавжуд бўлса-да, айнан Кенгаш ҳар қандай масала бўйича чора кўриш ёки кўрмасликни белгилайди. Бош Ассамблеяда ҳар бир аъзо битта овозга эга, аммо бу кам аҳамиятга эга. Айнан вето ҳуқуқига эга беш доимий аъзоси бўлган 15 аъзодан иборат Хавфсизлик кенгаши барча масалаларни ҳал қилади. Нима учун беш аъзо бутун дунё учун қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклиги ҳеч қачон тушунтирилган эмас, ҳатто асосланмаган ҳам.

 

Бешта доимий аъзо – АҚШ, Британия, Франция, Россия ва Хитой. Унинг сиёсати кўпинча Хавфсизлик Кенгашининг энг кўп сонли резолюцияларига вето қўйиш бўйича шубҳали тарихга эга бўлган АҚШ томонидан белгиланади. Бу дунёдаги энг ёвуз тузилма бўлган сионистик Исроилнинг шафқатсиз хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ. Исроил ҳукмдорлари неонацистлар бўлиб, инсон ҳаёти ва қадр-қимматига тупуриб қўйишган.

 

Исроилнинг яхши ҳужжатлаштирилган жиноятларига қарамай, АҚШ уни глобал қоралашдан ҳимоя қилади. Сионистик ташкилотнинг икки етакчи вакили – Бенямин Нетаняху ва Йоав Галлантга нисбатан Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан қамоққа олиш учун ордер берилган. Айбланувчи ҳарбий жиноятчини қамоққа олиш у ёқда турсин, 4 февраль куни АҚШ Нетаняхуни Оқ уйда кутиб олди ва ХЖСга қарши санкциялар қўллашга чақирди. Айнан АҚШ ва ноқонуний васийси – сионистик Исроилнинг бундай номақбул хатти-ҳаракатлари бутун дунё бўйлаб чуқур ташвиш уйғотмоқда. БМТнинг эса муайян бир масалага жиддий ёндаша олмаслигини очиқ-ойдин кўрсатмоқда.

 

БМТ муваффақиятсизликлари рўйхатини тушуниш учун у юзага келган вазиятни кўриб чиқишимиз керак. Ташкилот расман 1945 йил октябрь ойида Иккинчи Жаҳон уруши (аслида Европа давлатлари ва Шимолий Америка ўртасидаги уруш) охирида ташкил топди. Унинг анча олдин ётқизилган тамали кейинги муваффақиятсизликларига ишора қилади.

 

1941 йил 12 июнда Лондонда бўлиб ўтган Иттифоқчилараро конференцияда Авлиё Жеймс саройи декларацияси эълон қилинди (иттифоқчилар ўқ давлатларига қарши курашаётган кучларни назарда тутган). 1941 йил августига келиб АҚШ президенти Франклин Рузвелт ва Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл «Атлантика хартияси»ни ишлаб чиқдилар. У урушдан кейинги дунё учун мақсадларни белгилаб берди. Кейинги учрашувларга Совет Иттифоқи ва миллатчи Хитой (бугунги Хитой Халқ Республикаси эмас) ҳам таклиф қилинди. Франция Буюк Британиянинг илтимосига биноан жалб қилинди.

 

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти декларацияси»нинг расмий матни 1942 йил 1 январда тўрт давлат: АҚШ, Буюк Британия, Совет Иттифоқи ва Хитой томонидан имзоланди. Бошқа аъзолар декларацияни имзолаш ва иттифоқчи давлатлар урушаётган Германия, Италия ва уларнинг иттифоқчиларига уруш эълон қилиш шарти билан қўшилишга таклиф этилди. Шундай қилиб, БМТнинг пойдевори европаликлар ва АҚШнинг ҳарбий манфаатларига хизмат қилиш учун яратилди.

 

БМТ Низомида тинчликни сақлаш, урушларнинг олдини олиш ва халқлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш каби юксак тамойиллар мавжуд. Бу эзгу мақсадлардир, аммо уларни амалга ошириш, айниқса, АҚШ, унинг НАТО бўйича иттифоқчилари ёхуд сионистик тузилмага нисбатан қўлланилганда, имконсиздир. Вашингтон лашкарбошилари ўзларининг сионистик ҳимояланувчиларини мудом қўриқлайдилар.

 

Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеядан ташқари, БМТнинг етарли даражада самарали фаолият юритаётган бир қанча бошқа органлари ҳам мавжуд. Буларга Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлик бошқармаси, БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), БМТнинг Ёрдамга муҳтож фаластинликларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWА) ва БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО) киради. Улар амалга ошираётган инсонпарварлик ишлари, яъни вайронагарчиликдан кейинги вақтинчалик ечимларига қарамай, Хавфсизлик Кенгаши айбдорларга қарши ҳар қандай жиддий чоралар кўришга тўсқинлик қилади.

 

БМТнинг ўз низомига амал қилмаслиги, бу ташкилотнинг адолат излаш учун муносиб жой эмаслигини кўрсатади. Вашингтон уруш қўзғатувчилари ташкилотни қўлга киритиб, ундан ўзларининг ёвуз мақсадлари йўлида фойдаланмоқда.

 

БМТ ташкил топганидан буён ўтган қарийб 80 йил давомида бирорта ҳам муаммони ҳал қилгани йўқ. Аксинча, у ўз фаолиятини бошлаганида Фаластин ҳудудининг 56 фоизини Европа (Шарқий ва Ғарбий) ҳамда Шимолий Америкадан келган ноқонуний сионист босқинчиларга топшириб, катта адолатсизликка йўл қўйди. Фаластинликлар билан ҳатто маслаҳатлашилмади. Сионистлар Фаластиннинг туб аҳолисига қарши ҳали ҳануз давом этаётган даҳшатли жиноятларни содир этдилар.

 

БМТнинг бундай очиқ-ойдин самарасизлиги ва яқин келажакда ҳеч қандай адолатга умид йўқлиги шароитида нима қилиш мумкин? Тушуниб олиш керак бўлган биринчи нарса шуки, агар ташкилот ҳатто минимал адолатни таъминлашга қодир бўлмаса, нима учун унга қайта-қайта мурожаат қилиш керак? Бутун жаҳон сиёсий тизими Ғарбнинг йиртқич кучларига хизмат қилишга қаратилган.

 

Жаҳон жануби ҳамда собиқ мустамлака мамлакатларнинг аксарият қисмида сионист ваҳшийлигига бўлган муносабат келгусида биргаликда қандайдир иш қилиш мумкинлигини кўрсатади. Ҳиндутва фашистлари ҳукмронлик қилаётган Ҳиндистондан ташқари, деярли барча ноғарбий мамлакатлар сионист ваҳшийлигини қоралади.

 

Жаҳон фикрини аниқ акс эттирадиган Бош Ассамблея ихтиёрида Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси эмас, балки ижро механизми бўлиши керак. Шунда халқаро ҳамжамиятнинг иродаси мустамлакачи ва империалистик кучларнинг буйруқларида эмас, балки унинг муҳокамаларида ҳақиқатан акс этган бўларди.

 

Исроилни қораловчи мамлакатлар учун БМТдан ташқарида янги ташкилот тузиш вақти аллақачон келган. Унинг мақсад ва вазифалари пухта шакллантирилиши лозим. Уни, масалан, Жаҳон адолати ташкилоти ёки шунга ўхшаш бошқа ном билан аташ мумкин. Унинг вазифаси ўзаро маслаҳатлашув асосида белгиланиши керак. Энг камида, у тинчликни тиклаш, тажовузнинг олдини олиш ва иқтисодий ҳамкорлик ҳамда ривожланиш учун шароит яратиш устида ишлаши лозим. Хавфсизлик Кенгашидан фарқли ўлароқ, бу ташкилотда иерархия бўлмайди.

 

Унинг молиявий таъминоти аъзо мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулотига нисбатан фоиз ҳисобида амалга оширилади. Ҳар бир аъзо давлат катта ёки кичиклигидан қатъи назар, тенг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлгани учун, четда қолинганлик ҳисси бўлмайди.

 

Янги ташкилот аъзолари, шунингдек, кучсиз давлатлар ёки халқларни қўрқитаётган тажовузкор кучларга қарши туриш учун ҳарбий кучлар билан таъминлаш мажбуриятини олиши керак. Агар шундай куч мавжуд бўлганида, сионист Исроилнинг Ғазога қарши қирғинбарот урушининг олдини олиш мумкин бўларди.

 

Яхшироқ дунё қурса бўлади. Бунинг учун шунчаки ижодий фикрлаш ва жиддий мақсад лозим. Шиддат билан ўзгараётган глобал муҳит олдинга силжиш учун катта имконият яратмоқда.

 

Айни дамда кўп қутбли глобал тартиб ғарбга йўналтирилган, қуруқ сафсаталардан ўзга ҳеч қандай мақсадга хизмат қилмайдиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан узоқлашиб, янги бир ташкилот ташкил этишни тақозо этмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: