“Америкa овози” ходимлари ишдан четлатилди

The New York Times нашри журналисти Дэвид Энрихнинг хабар беришича, “Америкa овози” радиокомпанияси ходимлари ҳақ тўланадиган таътилга юборилган. У X ижтимоий тармоғида ушбу қарор ҳақидаги расмий хат нусхасини эълон қилди.
Журналистнинг таъкидлашича, радиостанция амалда фаолиятини тўхтатмоқда. Баъзи ходимлар таътилга чиқиш ҳақида эфирга чиқишдан бир неча дақиқа олдин хабардор қилинган. Ҳозирда радиостанциянинг Яқин Шарқ ва Осиёдаги айрим бўлинмаларида шунчаки мусиқа янграмоқда.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп еттита федерал агентлик ходимларини минимал даражагача қисқартириш ҳақида топшириқ берган эди. Уларнинг қаторида АҚШнинг Глобал медиа агентлиги (USAGM) ҳам бор. Мазкур агентлик “Америкa овози” ва “Озодлик радиоси” каби оммавий ахборот воситаларини молиялаштиради.
“Озодлик радиоси” фаолиятидаги ўзгаришлар ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.