Озарбайжондан Ўзбекистон фуқароси экстрадиция қилинди

Жорий йилнинг январь ойида Озарбайжонда аниқланиб, ҳибсга олинган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахс Ўзбекистонга топширилди. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратураси хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик, жуда кўп миқдорда) бўйича суд ҳукмини ижро этиш учун 1962 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси О.Р.ни топшириш сўрови Озарбайжон Республикаси Бош прокуратураси томонидан қаноатлантирилган.
“Фуқаролик, оила ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги 2002 йил 7 октябрдаги Конвенцияга асосан О.Р.нинг экстрадицияси тўғрисида қарор қабул қилиниб, у Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органига Адлия вазирлигининг Жазони ижро этиш хизмати махсус конвойи кузатувида топширилган.