БМТда Суриянинг янги байроғи кўтарилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Суриянинг янги байроғини кўтариш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Сурия ҳукумати ташқи ишлар вазири Асаад Ҳасан Аш-Шибоний, бир қатор хорижий дипломатлар, БМТ вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Кўтарилган янги байроқ — яшил, оқ ва қора ранглардан иборат бўлиб, унда учта қизил юлдуз тасвирланган. Бу рамз 2011 йилдан бери Сурия мухолифати томонидан ишлатиб келинмоқда ва ҳозирда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган янги ҳукумат тимсоли сифатида қаралаяпти.
Маросим вақтида БМТ штаб-квартираси яқинида янги ҳукумат тарафдорлари тўпланиб, ушбу тарихий воқеани олқишлашди.
Бу воқеа Суриядаги сиёсий ўзгаришлар халқаро даражада тан олинаётганининг яна бир исботи сифатида талқин қилинмоқда.