Ким Чен Ин Трамп билан музокараларни тиклашга уринишларини эътиборсиз қолдирмоқда

Ким Чен Ин Трамп билан музокараларни тиклашга уринишларини эътиборсиз қолдирмоқда

Шимолий Корея ядро қуроли захираларини кенгайтиришда давом этмоқда. Доналд Трампнинг Ким Чен Ин билан музокараларни тиклашга уринишларини эътиборсиз қолдирмоқда,деб хабар бермоқда WSJ

Доналд Трамп АҚШ президенти сифатидаги биринчи муддати давомида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан уч марта учрашган. У Пхенянни ядро дастуридан воз кечиш хавфсиз эканига ишонтиришга уринган. Трампнинг сўзларига кўра, икки етакчи ўртасида шу қадар илиқ муносабатлар шаклланганки, улар ҳатто бир-бирини “севиб қолган”.

The Wall Street Journal’нинг хабар беришича, Доналд Трамп иккинчи муддатга Оқ уйга қайтганидан кейин ҳам Ким Чен Ин билан алоқаларни тиклашга уринишларни давом эттиряпти. Бироқ Шимолий Корея етакчиси Вашингтондан келаётган барча мурожаатларни жавобсиз қолдирмоқда.

Жумладан, 2025 йилда Доналд Трамп Ким Чен Ин билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилган. Аммо Пхенян унинг таклифига жавоб бермаган. Трамп бу ҳолатга жавобан, “Уларда ядро қуроллари кўп, лекин телефон алоқаси яхши эмас”, дея киноя қилган. Вазиятдан хабардор манбаларга кўра, шундан сўнг АҚШ президенти КХДР етакчисига хат ёзишга қарор қилган. Америка томони мактуб расмий каналлар орқали Шимолий Корея раҳбаригача етиб боришига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлган.

«Бунинг учун Оқ уй расмийлари ҳатто махсус режа тузган. Трамп маъмурияти вакиллари Ню-Йоркда Шимолий Кореянинг БМТ ҳузуридаги ваколатхонаси олдида дипломатни пойлаб туришган. У пайдо бўлиши билан эса кутилмаганда мактубни қўлига тутқазишган. Бироқ кейинчалик шимолий кореялик дипломат БМТ йиғилишида очилмаган конвертни АҚШ делегацияси олдига ташлаган. Бу билан Ким Чен Ин на ядро қуролидан воз кечишга, на Қўшма Штатлар президенти билан дўстона муносабат ўрнатишга қизиқиш билдираётганини кўрсатган», дейилади мақолада.

Шунга қарамай, Доналд Трамп Ким Чен Ин билан учрашиш фикридан қайтмаган. Хитойга ташрифи давомида Си Жинпин ва Владимир Путин билан музокаралар ўтказган АҚШ президенти Шимолий Корея етакчиси билан ҳам учрашишга ҳаракат қилган. WSJ манбаларига кўра, АҚШ ва Шимолий Корея вакиллари учрашувни ташкил этиш масаласини шошилинч муҳокама қилган. Бироқ Пхенян Вашингтон томони қабул қила олмайдиган шартларни қўйган. Натижада учрашув амалга ошмаган.

Ким Чен Ин АҚШдан Шимолий Кореяни расман ядровий давлат сифатида тан олишни талаб қилмоқда. У феврал ойидаги баёнотида Вашингтон бу талабга рози бўлсагина, икки давлат тинч-тотув яшаши мумкинлигини айтган. Акс ҳолда, улар ўртасида “абадий қарама-қаршилик” давом этишини билдирган.

The Wall Street Journal манбаларига кўра, Қўшма Штатлар расмийлари Доналд Трамп ва Ким Чен Ин ўртасида учрашувга эришиш учун бир нечта таклифни кўриб чиққан. Жумладан, 70 йилдан кўпроқ вақт аввал сулҳ билан тўхтаган Корея урушини расман якунлаш таклиф этилган. Бундан ташқари, Шимолий Кореядан ядро дастуридан воз кечишни талаб қилмайдиган, аммо уни ядровий давлат сифатида ҳам тан олмайдиган баёнот қабул қилиш масаласи муҳокама қилинган. Шунингдек, дипломатик ваколатхоналар очиш ҳамда ядро қуроли ва ракета синовларини чеклаш бўйича келишувга эришиш имкониятлари кўриб чиқилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: