Россия муҳожирлар учун янги қоидаларни таклиф қилмоқда

Россия ҳукумати мамлакатдаги мигрантлар фарзандларига оид маълумотлар алмашинуви ва назорат механизмини кучайтиришга қаратилган янги қонун лойиҳасини Давлат Думасига тақдим этди.
Ҳужжатга кўра, Россия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ҳамда ҳудудий таълим бошқармалари ўртасида мигрант болалар ҳақидаги маълумотлар узатиш тизими жорий қилинади. Қонун лойиҳаси “Россия Федерациясидаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги федерал қонунга тегишли ўзгартишларни ўз ичига олади.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:
Мигрантларнинг фарзандлари рус тилини билиш даражаси бўйича топширган тест натижалари, ўқишга қабул қилиниши ёки ўқишдан чиқарилиши ҳақида маълумотлар Ички ишлар вазирлигига юборилади.
ИИВ эса ўз навбатида уларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши ёки рўйхатдан чиқарилиши ҳақида маълумотларни таълим идораларига етказади.
Шунингдек, чет эллик фуқароларнинг фарзандларини боғчага қабул қилишда улардан болада атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли касаллик йўқлиги ҳақида тиббий ҳужжат талаб қилинади.
Мутасаддилар ушбу механизм болаларнинг ижтимоий муҳитга интеграциясини назорат қилиш ва соғлиқни сақлаш талабларига қатъий риоя этиш мақсадида ишлаб чиқилганини таъкидлашмоқда.