ФСБ Крокусга қилинган ҳужум иши бўйича учта янги айбланувчининг ҳибсга олинганини эълон қилди
Москва, Екатеринбург ва Омскда Крокус Сити Холлдаги терактга алоқадорликда айбланган уч нафар гумонланувчи қўлга олинди, деб хабар қилмоқда Россия агентликлари ФСБ хабарига таяниб.
Разведка хизмати маълумотларига кўра, қўлга олинган уч киши концерт залига ҳужум уюштирганлар учун қурол-яроғ ва автомобиль сотиб олишни молиялаштирган.
Россия фуқароси ва икки чет эл фуқароси қўлга олинди – «2024 йил 22 март куни Крокус Сити Холл мажмуасида содир этилган терактга алоқадор барча Марказий Осиё минтақасидан келган муҳожирлар», — дейилади ФСБ жамоатчилик билан алоқалар маркази хабарида.
Аввалроқ теракт бўйича ишда 10 нафар айбланувчи бор эди. Уларнинг барчаси ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жойлаштирилди.
«Қўлга олинганларнинг иккитаси ўқотар қурол ва терактда қўлланилган транспорт воситаларини сотиб олиш учун пул ўтказган, учинчиси терактнинг шерикларини ёллаш ва унинг ижрочиларини молиялаштиришда бевосита иштирок этган», дейилади ФСБнинг уч янги гумонланувчи ҳақидаги пресс-релизида.
Крокусга қилинган ҳужумдан бир кун ўтиб ФСБ директори Александр Бортников Россия президенти Владимир Путинга 11 гумонланувчи, жумладан, концерт залига ҳужумда бевосита иштирок этган деб тахмин қилинган тўрт нафар шахс ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.