Тошкент давлат иқтисодиёт университети нуфузли рейтингларда юқори ўринларни эгаллади ва дунёнинг энг яхши университетлари рўйхатидан жой олди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 18-июнь куни нуфузли халқаро рейтинг агентлиги Times Higher Education (THE) томонидан ташкил этилган “Global Sustainable Development Congress – 2025” доирасида “THE Impact Rankings 2025” натижалари эълон қилинди. Ушбу рейтинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари (Sustainable Development Goals – SDGs) бўйича дунё университетларининг ижтимоий, экологик ва иқтисодий барқарорликка қўшаётган ҳиссасини баҳолайди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ушбу глобал баҳолашда 401–600 (ТОП–500) ўринни эгаллади ва бу натижа орқали университет илмий-инновацион салоҳияти, таълим сифати ва барқарор тараққиёт мақсадларига қўшаётган ҳиссаси халқаро миқёсда эътироф этилгани яна бир бор тасдиқланди.
Ушбу натижа нафақат мамлакатимиз, балки дунё олий таълим муассасалари орасида ТДИУ муносиб позицияни эгаллаётганини кўрсатади.
Эътиборлиси, ТДИУ ўтган йили – “THE Impact Rankings 2025” баҳолашида ТОП–1000 рўйхатга кирган эди. Бу йилги натижа эса университет томонидан белгилаб олинган стратегик мақсадлар сари олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, илмий салоҳиятни кучайтириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва талабалар учун инновацион муҳит яратишга қаратилган амалий ҳаракатлар натижаси эканини кўрсатади.
– Фахр билан таъкидлаш мумкинки, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ушбу нуфузли халқаро рейтингда жаҳоннинг энг илғор ТОП-500 олий таълим муассасалари қаторида муносиб ўрин эгаллади. Мазкур натижа университетимизда сўнгги йилларда амалга оширган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши, таълим ва илм-фан сифатига йўналтирилган тизимли саъй-ҳаракатлар самараси эканлигини тасдиқлайди. Шуни таъкидлаш лозимки, жорий рейтингда қайд этилган позициямиз ўтган йилги кўрсаткичлардан анча юқори бўлиб, бу биз учун катта ютуқ ва келгусида олдимизга қўйган янада юқори ўринларни эгаллашдек мақсадларимизнинг бошланишидир. Шубҳасиз, бундай халқаро тан олинишлар мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган олий таълим соҳасини модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар, ташаббуслар ва стратегияларнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда. Университетимиз олдига келгусида халқаро майдонда янада кучли позицияларни эгаллаш, таълим ва тадқиқотлар сифати бўйича глобал мезонларга тўлиқ жавоб берадиган олий таълим муассасасига айланиш каби стратегик мақсадлар қўйилган. Бу йўлда биз халқаро тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, мамлакатимизнинг олий таълим салоҳиятини юксалтиришга қаратилган тизимли ва барқарор ишларни давом эттирамиз”, – деди ТДИУ Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Гулнора Абдурахманова.
Шунингдек, 19-июнь куни QS халқаро рейтинг агентлиги томонидан “QS World University Rankings 2026” халқаро университетлар рейтинги натижалари расман эълон қилинди. Ушбу рейтингда Тошкент давлат иқтисодиёт университети биринчи марта 1001-1200 поғоналарда қайд этилди ва дунёнинг энг яхши университетлари рўйхатидан жой олди.
Шу билан бирга “Битирувчилар ютуқлари” индикатори бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети 660-ўринни эгаллади.