Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (67-қисм)
Малоҳат ичкарига кирди. Унинг ортидан Барно ҳам остонага қадам қўйди. Малоҳат чироқни ёқиб, Фазлиддиннинг оёқ кийимини кўрди. Демак, у уйда.
— Войбў! — деди унинг ортидан келган Барно. — Намунча атир ҳиди босиб кетибди?
— Атир эмас, — шивирлади Малоҳат, — шампунь… Нега эшикни очиқ қолдирибди?
— Сўрамасдан кирдик. Қўнғироқни босганимизда яхшимиди? — дея Малоҳатдан-да паст овозда шивирлади Барно.
— Ухлаб қолган, деб ўйладим.
— Ўзи шунақага ўхшайди.
— Сиз шу ерда кутиб туринг, мен ҳозир…
Малоҳат шундай деб Фазлиддин ётадиган хонага секин мўралади. Фазлиддиннинг оёқларини кўрди. Қоронғида элас-элас кўринарди. У дарров кўзини олиб қочди.
— Ухлаётган экан. Ошхонага бир кирайлик.
Малоҳат истаб-истамай у ернинг ҳам чироғини ёқди. Ҳеч қанақа овқат қилинмаган. Фазлиддин ҳатто чой ичмаганга ўхшарди. Идишларга мутлақо тегинилмаган эди. Фазлиддинда эса бундай одат йўқ. Уйга келдими, у нимадир ейди. Яна қандай идишни ишлатса, шу заҳоти ювиб қўяди… Малоҳатнинг ичи ачиди. «Бечорагина», дея кўнглидан ўтказди.
— Нима қиламиз? — дея пичирлади Барно.
— Бирор нима пиширамиз, — деб жавоб қилди Малоҳат.
— Ухлаб ётибди-ку. Барибир, тайёрлаганимиз билан емайди.
— Музлаткичга қўйиб кетамиз. Мен хат ёзиб қолдираман.
— Кетамизми?
— Ҳа.
— Калитингиз борми?
— Йўқ.
— Унда биз ҳам эшикни очиқ қолдирамизми?..
Уларнинг пичирлашлари Фазлиддинга элас-элас эшитиларди. У олдинига тушим бўлса керак, дея хаёл қилди. Буни қарангки, ухлаб хаёл ҳам қиларкан одам. Ўзи, аслида, Фазлиддин ўша маст уйқудалигида ҳам нимасидир қолиб кетгандай безовта эди…
У кўзини очди. Сал бошини кўтарди. Ошхонанинг, йўлакнинг чироғи ёниқлигини кўрди. Ёниқ қолибди, ўчириш керак, дея кўнглидан ўтказди. Сўнг қизларнинг овозини яна эшитди. Эшитди-ю, дарров ўрнидан турди. Ётишдан аввал каравотининг ёнгинасига ечган шимини кийди. Сўнг кўйлагини. Кейин шоша-пиша тугмаларини қадади-да, эшик томонга юрди.
Ошиқ-мошиғининг мойи қочган ҳаммом эшиги ғичирлади. Уч-тўрт кундан бери аҳвол шу эди. Фазлиддин мой қуйишни унутганди.
Қизларнинг бирдан қулоқлари динг бўлди. Малоҳат Барнога қараб кўрсаткич бармоғини лаблари устига қўйди-да, «Тисс!» деди паст товушда. Сўнг оёқ учида юриб бориб, Фазлиддин ётган хонага қаради. У йўқ экан. Дарров ортига қайтиб келди.
— Уйғотиб қўйибмизми? — дея сўради Барно.
— Ҳа, — деб бошини қимирлатди Малоҳат.
— Сабзини олаётганимда, қўлимдаги пичоқ челакка тегиб кетди-да, — дея жилмайди Барно, — энди нима қиламиз?
— Энди қўлга тушдик. Бу ёғи пешонадан…
Фазлиддин таҳорат олди. Сўнг хонасига кириб, намозларини ўқиди, Шом қазо бўлганди, уни ҳам ўқиди. Демак, бу пайтда хуфтон вақти кирган эди.
Кейин томоғини қириб қўйди-да, ошхона томонга юраркан:
— Ҳозир билдирмасдан кириб олиб, пичир-пичир қилаётганларни ушлаб оламан, — деди баланд овозда.
Қизлар бирдан қиқирлаб кулиб юборишди.
Улар деярли бараварига Фазлиддинга салом беришди. У ошхонага кирганидан кейин:
— Уч кундан бери йўқсиз. Шунга хавотир олиб келсак, эшигингиз очиқ экан, сўрамасдан киравердик, — деди Малоҳат.
— Аммо менда айб йўқ. Ҳаммасига манави Малоҳат сабабчи. У қўярда-қўймай мени олиб келди. Яна камига овқат ҳам қилдиряпти. Сизнинг ошингиз яхши чиқади, деб роса авради. Шунга… Жазони биринчи унга беринг, — дея жилмайди Барно.
— Келишдик, — деди Фазлиддин ўзини жиддий кўрсатишга ҳаракат қилиб, — Ҳукм: иккита қиз, бўй-басти келишган деса бўладиган, ўзи ҳам сал-пал ақлли бўлган, фаросати нари билан бери оралиғидаги йигитни уйқусидан уйғотиб, хурсанд қилганликлари учун музлаткичнинг энг тепасидан сал пастроқда турган икки бўлак тортни ейишга маҳкум қилинсин. Ҳукмнинг ижроси пайтида томоқлари музлаб қолмаслиги учун қайноқ чой ичишга рухсат берилсин. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ.
— Ура! — деди Малоҳат. — Шундай оғир жазо берганингиздан бошимиз осмонга бўлмаса ҳам, шифтга етди.
Бирдан кулги кўтарилди. Сўнг Фазлиддин стулга ўтирди. Қизлар келган пайтда ухлаб ётганлиги учун узр сўради. Кейин навбат қизларга ўтди. Улар ҳам рухсатсиз кирганликлари учун кечирим сўрашди.
— Бунақада, — деди Фазлиддин, — сиз мени кечиринг, мендан ўтибди, деб ўтираверамиз. Нима қилмоқчи эдинглар? Овқат. Хўш, — деб Фазлиддин билагига қаради, — соат саккиздан ўтибди. Овқат тайёр бўлишига камида яна бир соат керак. Биз уни еб бўлгунимизча ўн бўлади. Ундан кейин тўқ қорин билан ухлаймиз. Сабаби, эртага саҳарлаб туришимиз керак. Режадаги ишлар…
— Биз сизнинг нонуштангиз учун тайёрламоқчийдик, — деб Малоҳат Фазлиддинга қараб қўйди.
— Ундан кўра музлаткичда турган ширинликларни чой билан есак-чи. Зўр кетади-да. Ҳам гаплашиб ўтиришимизга вақт бўлади.
— Лекин биз кетамиз, — деди Барно.
— Асло мумкин эмас. Қоронғи тушиб қолди. Мен сизларга сизлар билмайдиган бир янгиликни айтаман.
— Нима экан? — деб сўради Малоҳат.
— Охирги пайтларда тоғлардан, чангалзору ўрмонлардан жуда кўп йиртқичлар, чиябўрилар, шоқоллар шаҳарга келишибди. Улар, асосан, кечалари кўчаларда изғишаркан. Ёлғиз юрганлар ёки қиз-жувонларни кўриб қолишса, шартта ташланишаркан-да, еб қўйишаркан. Шундай экан, мен сизларни қўйиб юборолмайман. Бугун меҳмоним бўласиз. Малоҳат, сиз ҳам менга қўшилиб мезбонлик қиласиз бир марта. Ўқишга киришдан олдин яшагансиз, биласиз…
— Хўп, хўп, — деди Малоҳат Фазлиддинни ортиқча гапиртирмай.
— Ана энди бир юмушдан озод бўлдик. Мен шундай қўлларимни ювиб келай, — деб Барно ўрнидан турди-да, ҳаммом томонга юрди.
— Нега ўзингизни бунчалик қийнаяпсиз? — дея сўради Малоҳат дугонаси ҳаммомнинг эшигини ёпиши билан шивирлаб.
— Мен хоҳламагандим. Аммо уйдан келсам, ёрдам бераётган курсдошларимнинг ҳаммаси кетиб қолишибди. Чунки, биласиз, улар ҳам пахтага боришади. Мен бўлсам мижозларга ваъда бериб қўйганман. Шунинг учун ишлашга мажбур бўлдим.
— Бир ўзингиз?
— Ҳа.
— Уйдагилар нима дейишди?
— Улар келишади. Фақат уч-тўрт кундан кейин. Сабаби, еримиз бор. Ишончли қўлга топшириб келишлари керак. Аксига олиб, терим бошланиб қолди. Энди ҳамма иш укамнинг бир ўзига қолса керак. Амаким бор. Аммо унинг қанчалик фойдаси тегиши номаълум.
— Унда улар келгунича мен ёрдам бериб тураман. Деканатга чақиришди. «Сиз кутубхонага ёрдам берасиз, шу муносабат билан пахтадан озодсиз», дейишди. Мен дарров сизнинг гапларингизни эсладим. «Бир иш қиламан, индамайсиз», дегандингиз. Шунинг учун жон деб рози бўлдим.
— Ана, ишингиз бор экан. Кутубхонага бораркансиз.
— Улар жуда менга қараб туришмаган бўлишса керак. Бирровга бориб кўринаман-да, сизнинг ёнингизга ўтаман.
— Ўзим сиз ёнимда бўлишингизни истаяпман. Аммо қийналиб қоласиз. Бундан кўра минг марта пахтага борганим яхшийди, дейсиз.
— Бекор айтибсиз, ўзингиз мени ҳам ишга ўргатиб қўйгансиз. Ҳозир, қайтага, ётоқхонада зерикиб ўляпман. Яхшиям, сиз совға қилган Қуръон бор. Маза қилиб ўқиб ўтираман. Кейин, Фазлиддин ака, мен университетни университет деб ўйлабман…
Фазлиддин кулиб юборди. Сўнг:
— Нима экан? — деди.
— Мен ҳамма бош кўтармай ўқийди. Кейин яна ўқийди. Бир нималарни ўрганади. Бир-бирлари билан қандайдир масалалар устида талашиб-тортишади, деб ўйлагандим. Чунки киноларда шундай қилиб кўрсатишади-ку. Йўқ, ундай эмас экан. Тўғри, бир-иккита ўқийдиганлар бор. Аммо улар бу ёқдагиларнинг олдида кўринмай кетишади.
— Афсуски, шундай. Аммо бу ўқимасликка сабаб бўлолмайди.
— Ҳа-а…
Ҳаммомнинг эшиги очилди. Барно кўриниш берди.
— Минг бор узр, суҳбатларингизни бўлишга мажбурман. Кейинги сафар бу ишни қилмасликка ваъда бераман, — дея кулди у.
— Фазлиддин ака, Барно ҳам пахтага бормайдиган бўлди, — деб жилмайди Малоҳат.
— Зўр-ку, — деди Фазлиддин.
— Ректорга котибалик қиларканман, — дея қўшимча қилди Барно.
Фазлиддин унинг ҳам қандайдир таниши бўлса керакки, алоқага чиққан, деб ўйлади. Аммо ундай эмас эди. Масала бошқа ёқда, анча чуқур эди. Ректор энди эллик ёшга тўлган одам. Ректорнинг хотини анчадан бери касал. Тўшакда ётади. Туролмайди. Ректор баъзан тонгларни хотинининг ёнида бедор ўтказади.. Хотинининг унга ичи ачийди. Бир куни ана шу хотини: «Хўжайин, мана олти йилдирки, ўрнимдан туролмайман. Гоҳида овқатларимни ҳам едириб қўясиз. Менга қилган бошқа ишларингизни гапирмасам ҳам бўлади. Ёшсиз. Бунинг устига, амалдорсиз. Ишингиз асаббузарликдан иборат. Бунақа пайтда сизни тинчлантирадиган, хотиржам қиладиган аёл бўлиши керак ёнингизда. Менинг эса қўлимдан ҳеч вақо келмайди. Шунга биттасини топинг-да, уйланиб олинг. Майли, ош-овқатингизни қилмасаям, аёллик вазифасини бажарсин», деди. Бироқ ректор кўнмади. «Нималар деяпсан, мен хотинсираб қолибманми? Ҳеч қачон бундай бўлмайди. Ҳали оёққа туриб кетасан. Ана, докторлар шунақа дейишди. Менга сендан бошқасининг кераги йўқ», деб аёлини уришиб берган бўлди. Аммо ўзининг кўнглида нимадир ялт этиб ёнгандай бўлди…
У Барнони ўқишга янги қабул қилинган студентлар билан учрашув чоғида кўрди. Кўрди-ю, юраги бирдан суст кетди. Қолаверса, қизнинг ўзи ҳам жилмайганча, жозибадор, сеҳрли нигоҳини унга қаратиб турарди…
Ректор бировга билдирмасдан, секин орқаворатдан суриштириб, қизгинанинг қайси факультетда ўқишини, исми-шарифини билиб олди. Кейин пахтадан қоладиганлар рўйхатини тузаётганида, уни ҳам шу рўйхатга киритиб қўйди.
— Сизни ҳам деканатга чақириб айтишдими? — деб сўради Фазлиддин.
— Ҳа, Малоҳат иккимизни баравар чақиришди. Малоҳат кутубхонага борадиган бўлди, мен эса ректоратга. Ана шунақа гаплар. Аммо мен ўзим ҳам пахта теришни ўлгудай ёмон кўраман. Мактабдан олиб чиқишганларидаям термай ўтирардим. Азбаройи қоши-кўзим учун менга индашмасди.
Фазлиддин кулди ва дарров гап мавзусини ўзгартирди.
Уларнинг суҳбатлари бор-йўғи икки соатга чўзилди. Яна давом этарди. Суҳбат қизигандан-қизиётганди. Бироқ Фазлиддин шундай суҳбатни тўхтатишга қарор қилди. Чунки у яна саҳарлаб туриши керак эди…
Эртасига Малоҳат унинг цехига борди. Биринчи марта таксига бир ўзи ўтирди. Лекин етгунича юрагини ҳовучлаб кетди. Қўрқди. «Бекор Фазлиддин акамга: «Уйингизда бўлиб туринг, мен шундай университетга бораман-у, кейин дарров келаман, бирга сизнинг иш жойингизга борамиз», демаган эканман», дея ўйлаб борди. Аксига олиб, Фазлиддин ҳам хаёл билан бўлиб, манзилни ёзиб бериш билан чекланибди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)