Одам ўз юзига ЭГАЛИК қиладиган замон келдими? Дания шов-шувли қонун чиқармоқда!

Дания Европа қитъасида илк бор одамларга ўз юзи, овози ва танаси устидан муаллифлик ҳуқуқини бериш орқали сунъий интеллект орқали яратилган сохта (deepfake) контентларга қарши курашмоқчи.
Данияда деярли барча сиёсий партиялар қўллаб-қувватлаётган янги қонун лойиҳасига биноан, инсон ўз ташқи қиёфаси ва овозига ҳуқуқ талаб қилиш имконига эга бўлади. Бу шундай маънони англатадики: агар кимдир сизнинг рухсатингизсиз юзингиз, овозингиз ёки танангизга асосланган сохта видео, аудио ёки тасвир яратса, сиз бу материални интернетдан олиб ташлашни талаб қилишингиз ва моддий товон олишингиз мумкин бўлади.
Маданият вазири Якоб Энгел-Шмидт бу орқали “ҳар бир инсон ўз юзи ва овозининг ягона эгаси эканини” бутун жаҳонга аниқ етказишни исташини айтди. Унинг таъкидлашича, бу замонавий дунёда инсонлар рақамли кўчирмага айлантирилиб, эл тасаввур қилолмайдиган йўллар билан суиистеъмол қилинаётган бир пайтда жуда зарур чорадир.
Қонун 2025 йил кузида қабул қилиниши ва йил охиригача кучга кириши кутилмоқда. Унда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш мақсадида пародия ва сатирага истиснолар белгиланган, бироқ асосий эътибор зиёнли мақсаддаги контент — сохта порнографик видеолар, фирибгарликлар ва ёлғон сиёсий маълумотларнинг тарқалишини тўхтатишга қаратилган.
Агар технологик платформалар сизнинг талабингизга қарамасдан бундай контентни ўчириб ташламаса, уларга катта жарималар солиниши мумкин. Дания 2025 йилда Европа Иттифоқига раислик қилганида бундай ҳуқуқий ҳимояни бутун Европа бўйлаб жорий қилишни ҳам режалаштирмоқда.
Кўплаб мутахассислар бу ташаббусни замонавий AI технологиялари инсоннинг юзи, овози ва ҳаракатларини осонликча тақлид қилиши мумкин бўлган даврда — инсонларга назоратни қайта қайтариш сари қадам деб баҳоламоқда.