КХДР июл ёки август ойида Россияга Украинага қарши урушда иштирок этиш учун қўшимча аскарларини юбориши мумкин — Reuters

Агентлик бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб хабар бермоқда.
Разведка идораси хулосасига кўра, Россия яқин ойлар ичида Украинага қарши кенг кўламли ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда. Бундай тахминларга асос бўлган омиллар орасида яқинда Россия Хавфсизлик кенгашининг юқори лавозимли расмийсининг Пхенянга ташрифи ҳамда Шимолий Корея армиясининг янги бўлинмаларини шакллантириш жараёни келтирилган.
«Бундан ташқари, Пхенян Москвага қурол-яроғ етказиб беришни давом эттирмоқда. КХДР Россияга артиллерия ва ракеталар етказиб бериш эвазига сунъий йўлдош учириш ва юқори аниқликда нишонга олиш тизимлари бўйича техник маслаҳатлар олаётган бўлиши мумкин», дея ёзмоқда Reuters.