Бопладимми, алдаб кетдимми?!
БАНКИР БЎРИ ВА АЙЁР ТУЛКИ
(ўта замонавий)
Бир бор экан, бир йўқ экан, қалин ўсган ўрмонда банкир бўри яшар экан. Ўрмондаги барча ҳайвонлар ёнғоқлари, уруғлари, мевалари ва асалларини бўрининг банкида сақлар экан. Уларга банкдаги омонатларининг маълум қисми керак бўлиб қолса, ғазнадан бўрининг ўзи олиб бериб, қанча қолганини ҳам аниқ ҳисоблаб қўяр экан.
Сўнгги пайтларда банкнинг мижозлари жуда кўпайиб кетибди. Бўри ов қилишга ҳам, ўрмонда сайр қилишга ҳам улгурмай қолибди. Охири ишини енгиллаштириш мақсадида ёрдамчи олишга қарор қилибди. Кунда, кун ора банк атрофида ўралашиб, ичкарига киришга пайт пойлаб юрган тулки унинг жонига оро кирибди.
Тулкивой, ақл-заковати ва чаққонлиги билан, қисқа фурсатда бўрининг ишончини қозонибди. Тиришқоқ ёрдамчи топилганидан ўзида йўқ суюнган бўри, банкнинг барча ҳисоб-китоб ишларига тулкини масъул қилибди. Ўзи эса бўш вақти кўпайганидан хурсанд бўлиб, тунлари овга чиқибди; баланд қирларга чиқиб, бор овози билан увлабди. Кўнглига нима келса, шуни қилиб, бамайлихотир яшай бошлабди.
Мислсиз хазинага йўл очилганидан ўзида йўқ қувонган тулки эса, бўрини чув тушириш учун аввалдан тузиб юрган режасини амалга оширишга киришибди. Бўрига ҳаммаси жойидалиги, банк яхши фойда қилаётганлиги ҳақида ёлғон ҳисобот бериб, асал ва ёнғоқларни оз-оздан яширинча уйига ташиб кетибди. Тулкига тўлиқ ишонган бўри эса, вақти-вақти билан банк омборини текшириб кўришни хаёлига ҳам келтирмабди.
Бир куни олмахон, қарға ва айиқвой бўрининг ёнига бориб, омонатлари камайиб кетганидан шикоят қилишибди. Бундан ҳайратга тушган бўри: — Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Ахир ҳаммасини тулки ҳисоблаб бораётганди-ку! — дебди. Шикоят қилувчилар кўпайгач, ўрнашиб олган қиридан пастга энибди. Арз қилувчи жониворлар ҳамроҳлигида банкка бориб, ғазнани текшириб кўрибди. Қарасаки, банк омбори бутунлай бўшаб қолган экан. Бутун банкни ҳилватдаги уясига кўчиришга улгурган тулки эса, аллақачон ўрмондан жуфтакни ростлаб қолган экан.
Ўрмон жонзотлари олдида мулзам бўлиб қолган бўри бошини қуйи солиб, hаддан ташқари ишонувчан бўлгани учун қаттиқ пушаймон бўлибди.
Хулоса шуки, агар зийраклик ва ҳушёрлик йўқолса, мана шундай айёр тулкиларнинг тузоғига тушиб қолиш ҳеч гап эмас.
Садоқат Ҳамраева
