Бечора, уйқусида ўлибди!..

Бечора, уйқусида ўлибди!..

Кўчадаги ғала-ғовурдан уйғониб кетдим. Ташқари — одамга тўла. Юзлар маҳзун. Айримларининг кўзида ёш.
Таъзия.

Шошиб таҳорат қилиб чиқдим. Ғассоллар ишни тугатибди. Тобут кўтарилди. Қўшни-қўрни, таниш-нотаниш — тумонат.

— Ким ўлибди? — дедим.

— Комил ака… — деди биров, тўхтамай.

Юрагим уриб кетди. Ён қўшним, жон қўшним. Бир йил олдин юрагини операция қилишган эди. Фойда қилмабди… фақат умрини узайтирибди, холос.

Жаназага саф тузилди. Олдинги қаторга ўтдим.

— Қандай ўлибди?
— Уйқусида…

Имом сўради:
— Маййитнинг яқини ким?

— Мен, — деди укам.

Ичим енгил тортди. Қарзларини ҳам укам бўйнига олди. Мард йигит.

Тобутни елкамга олдим. Фотиҳа, Фалақ, Нас… Машинага юклаганда сакраб чиқиб миндим. Лаҳадгача кузатаман дедим.

Қабристон. Жимлик. Фақат тупроқ ҳиди.

Катта ўғлим лаҳадга тушмоқчи экан.
— Яша, ўғлим, — дедим. — Акамизни бефарзандлигини билдирма.

Ўғлим қўрқмасин деб орқасидан мен ҳам тушдим.

Лаҳад тор, зах. Совуқ.

— Қўрқяпсанми? — дедим паст овозда.

Маййитни узатишди.
— Торт, — деди гўрков. — Белбоғидан маҳкам ушла.

Бир тортдик — маййит ичига кетди.
— Сал берироққа ол.

Белбоғни ечдик.
— Юзни очма. Қиблага қаратиб қўй.

Ҳаммаси тамом.

— Чиқ, — деди гўрков. — Қўлингни бер.

Ўғлим чиқди. Мен қўлимни узатдим.

Шу пайт…
гўрков қўлимдан ушламади.

Лаҳад оғзига ғишт қўя бошлади.

— Ҳей! Мен чиқмадим! Қўлимдан тортинг!

Жавоб йўқ.

— Ҳазилни жойими шу?! Ман бу ердаман!

Ғишт… яна ғишт… қоронғу.

— Эй! Нима қиляпсан! Ахмақ!

Охирги ғишт қўйилди. Қоронғу. Тўлиқ қоронғу.

Тупроқ товуши.
Гуп… гуп…

Нафасим қисилди. Ҳаво йўқ. Зах. Тана титраяпти.

Ақлим чақнаб кетди:
Туш кўряпман…
Ҳа, туш. Албатта туш. Ҳозир уйғонаман…

Лекин уйғонмадим.

Лаҳад тор. Қимирлашга жой йўқ. Совуқ тер. Юрак гуп-гуп. Ҳансираш.

Уйғониш керак… уйғониш…

Шу пайт даҳшатли бир овоз гумбирлади. Ер ости титрадигандек бўлди.

Ҳамма нарса — туш ҳам, қоронғу ҳам, нафас — йўқ бўлди. Фақат қўрқув қолди.

Зўрға тилимни қимирлатдим:
— М-мeнга гапирдингизми?.. К-кимсиз?..

Овоз яна келди. Қаттиқ. Ҳукм каби:

— РОББИНГ КИМ?!

Дўстларингизга ҳам юборинг: