У уни ўзининг ёғига қовириб қўйди!.. У ҳатто қоврилаётгани билмасди!..

У уни ўзининг ёғига қовириб қўйди!.. У ҳатто қоврилаётгани билмасди!..

1960-йилларда Хитой раҳбари Мао Цзэдуннинг энг содиқ сафдошларидан бири мудофаа министри Линь Бяо эди. Хитой доҳийсини ҳеч ким худди Линьдек кўкларга кўтариб мақтамас ва улуғламасди. Албатта, Маони мақташ ва улуғлаш Хитой сиёсатида одатий ҳолга айланиб қолганди. Лекин уни кўкларга кўтариб улуғлаётган овозлар ичида Линьники алоҳида ажралиб турарди. 1970 йил Мао бундан шубҳаланиб қолади ва Линьни назорат остига олади. Унинг шубҳалари ўз тасдиғини топади: Линь Хитой раҳбарлигини ўз қўлига олиш ниятида Маога қарши фитна тайёрлаётганди. Линь мудофаа министри сифатида армияни бошқаришни тўла ўз қўлига олган ва ҳарбий ҳокимият унинг қўл остига тўпланганди. Бу уни Мао ҳокимияти учун хавфини янада оширарди. Шу боис, Мао жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади. Расмий йиғинлар ва одамлар кўзи олдида Мао ҳеч нарсани сездирмасдан Линьга дўстона муносабатда бўлиб, уни вориси сифатида кўраётганлигини таъкидлаб туради. Бу фитначиларни маълум муддат хотиржам тортиб, шубҳаларини тарқатиб юборишга омил бўлади.
Мао армияда кескин ислоҳотлар ўтказиш юзасидан бир қанча ғоя ва таклифларни илгари суришга Линь Бяони кўндиради. Аслида бу таклифлар Маони ўзига тегишли бўлиб, улар армиядаги қўмондонларга маъқул келмаслигини яхши билгани учун ҳам – мазкур ғояларни сиз илгари суринг, деб Бяога топшириқ беради. Мудофаа министрининг армияни ислоҳот этиш юзасидан билдирган таклифлари унинг фитна бўйича ҳамтовоқлари бўлган генераллар қаршилигига учрайди. Министр ва қўмондонлар ўртасидаги бирликка дарз кетади. Ислоҳотларга қарши чиқдинг, деб Мао фитнада иштирок этаёган барча генералларни вазифасидан бўшатади.
Орадан бироз вақт ўтиб Линь Бяо Мао уни қандай қилиб чув туширганлигини сезиб қолади. Аммо, вақт ўтган эди. У бу пайтга келиб ўзининг асосий суянчиқларидан ажралганди. Саросима ва қўрқувга тушган ва шоша-пиша давлат тўнтаришини амалга оширишга киришган Линь ўз-ўзини бутунлай фош қилиб қўяди. Маога эса бу жуда қўл келади. Лин Бяо 1971 йил жуда шубҳали вазиятда авиа ҳалокатда ҳалок бўлади.
Мао сиёсатда одамлар ўртасидаги бирлик ва ўзаро алоқалар шахсий истеъдоддан кўра муҳим роль ўйнашини яхши биларди. Бу дунёда мансаб-мартабаси дарз кетган одамни ҳеч ким қўллаб-қувватламайди – дарров ундан юз ўгиришади. Яккаланиб қолган одам эса, вазминликни йўқотиб чорасизликдан ўзини ҳар ёққа ура бошлайди – бундай ҳолат муаммони ҳал қилмайди, аксинча уни кучайтириб ёки чуқурлаштириб юборади. Шу боис ҳам Мао мудофаа министри Линь атрофида шундай муҳит яратадики – у ўзини барча тарк этиб, яккаланиб қолганлигини яққол ҳис этади. У мудофаа министрига очиқчасига ҳужум қилганида эди – бу тубан ва узоқ давом этадиган кураш боқоғига ўзи ҳам ботиб қолган бўлурди. Линь Бяони сиёсий қўллаб-қувватлаш ва суянчиқларидан маҳрум этиб, Мао ўз мақсадига эришди.

Жалолиддин Сафоев таржимаси

Дўстларингизга ҳам юборинг: